ЎзА Ўзбек

21.07.2019 Чоп этиш версияси

Дарахт устидаги чойхона сайёҳларни ўзига чорламоқда

Дарахт устидаги чойхона сайёҳларни ўзига чорламоқда

Ҳисоботларга кўра, жорий йилда Андижон вилоятига ташриф буюрган сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 2 бараварга ошган. Расмийлар ҳудуддаги туризм тараққиётига амалга оширилаётган қатор ислоҳотлар сабаб эканини таъкидлаяпти.

Жумладан, беш йил илгари вилоятда атиги иккита меҳмонхона фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир уларнинг сони 16 тага етди. Жорий йилнинг ўзида яна 9 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилади. Туроператорлар эса икки йилда 10 тадан 27 тага етказилди. АҚШнинг “PHOTOGRAPHY LIFE” ижодий гуруҳи ҳамда Туркиянинг “TRT” канали ижодкорлари вилоятнинг диққатга сазовор масканлари тўғрисида кўрсатув тайёрлаб, дунёнинг 143 та мамлакатида эфирга узатди.

Соҳани ривожлантириш, вилоятда турли кўнгилочар, қизиқарли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бу галги мавсумда, айниқса, урфга кирди. Меҳмон уйлари мезбонлари сайёҳлар учун ажабтовур дам олиш усулларини таклиф қилмоқдалар. Бу гал улардан бири — Марҳамат туманидаги “Бобохуросон” маҳалласида яшовчи салкам саксон ёшни қаршилаган Юнусали Ғозиев ўйлаб топган “дарахт устидаги чойхўрлик” тўғрисида ҳикоя қиламиз.

Дарахт устида чойхўрлик

Юнусали отанинг меҳмон уйидаги ғаройиботлар сайёҳларни лол қолдирмоқда. Ю.Ғозиев машҳур дорбоз Тошкенбоевларнинг шогирдларидан. У бармоқдай сим устида дунёнинг ярмини айланиб чиқди. Кейинчалик қишлоғига қайтиб, 1985 йили “Андижон само”си дорбозлар гуруҳига асос солди. Фарзандлари Алижон, Муроджонларни ёнига тортди. Бугун набиралари Диёрбек, Дурдона, Давронбек ва Акбарали ҳам самода парвоз қилишни ўрганиб, томошабинларга қувонч улашмоқдалар.

Ўзбек миллий цирк санъати анъаналарини давом эттириш, уни янги ғоялар, урф-одатлар, миллий-маънавий қадриятлар билан бойитишга аҳд қилган отахон салкам бир гектарли ҳовлисидан ўтган катта ариқни кетмон билан чопиб, қирғоқларига ишлов бериб, 180 метрли этнографик “музей” барпо қилди. Закан қирғоқларидаги тут, олма, беҳи дарахтларига шакл бериб, уларнинг устига ўриндиқлар ўрнатди. Бир дарахтда саккиз киши бемалол шахмат ўйнаши мумкин. Иккинчи дарахтда эса айланма чархпалак бор. Яна бирида бемалол чойхўрлик қилиб, салкам 200 метрли ариқда қувлашмачоқ ўйнаётган балиқлар, қирғоқдаги ярим ғор шаклидаги сунъий “кузатув масканлари”ни томоша қилишингиз мумкин. Қирғоқ устидаги кенг далага туташ қаровсиз ҳудуд ҳам Юнусали аканинг меҳнатидан, меҳридан “баҳра олди”. Бу ерда экобоғ ташкил этилди. Боғдаги йўлакларда сайр этсангиз, анвойи гуллар ифорию, сархил мевалар ҳидидан гўё ўзингизни жаннатда юргандай сезасиз.

Борди-ю, бу манзаралар ҳам сизни ҳайратга солмаса, ҳовли саҳнига ўрнатилган катта сим дорда “Андижон само”си гуруҳи иштирокидаги ўйинлар, тош кўтариш машқлари, акробатларнинг чиқишлари ва қизиқчиларнинг маҳорати эътиборингизни тортиши аниқ.

Яқинда бу ҳайратлар хонадонига атайлаб Польшадан меҳмон келди. У ўз мамлакатида чиқадиган газеталардан бирида Юнусали Ғозиев оиласи ҳақида ўқиган экан. Миллий – этно ва эко боғдан қайтишда меҳмон ўз таассуротларини шундай изоҳлади.

– Ажойиб, қойил... Газетада ёзилганидан ҳам гўзал, бетакрор ҳовли экан. Энди бу даргоҳга яқинларимни даъват этаман, — дейди польшалик Инга Вишневская.

Муҳтарам Президентимизнинг миллий туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қатор қарорларидан сўнг Юнусали Ғозиевнинг хонадонидаги ҳаракатлар янада жонланди. Энди чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатиш маданиятини янада яхшилаш, шарт-шароитлар яратиш, замонавий ётоқхона ва бошқа маиший бинолар қуриш ишлари жадал олиб бориляпти. Мана шу бун­ёдкорликдан севинган вилоят ҳокими отахонга “Spark” автомобилини совға қилди.

Ҳам соф ҳаво, ҳам яхши даво

Туманда агро ва тиббий туризмга ҳам эътибор кучайиб боряпти. Зоотехник Муҳаммаджон Исахонов Улуғтоғ ёнбағирларидан 80 гектар лалми ер олиб, эчкичиликка асос солди. Табиий гиёҳлар билан озиқланган ҳайвон сути минг бир дардга даволиги кўпчиликка маълум. Ҳозирданоқ бу шифобахш сутга талаб юқори. Яқин орада тоғ этакларида енгил конструкцияли шийпонлар қурилиши режалаштириляпти. Тоғолди туманнинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, ширин-шакар мевалари сайёҳлар оқимининг кўпайишига муҳим омил бўлаяпти.

Яна бир тадбиркор Акмал Нурматов “Пахтакор” маҳалласи ҳудудида балиқчиликни ривожлантиряпти. Кўл ўртасидаги оролга сайёҳлар учун пансионат барпо этмоқда. Ушбу лойиҳа учун 52 миллиард сўм сарфланмоқда.

Марҳаматлик тадбиркорлар Тўлқин Умаров “Гаргар”, Қобилжон Обидов “Марҳамат” маҳаллаларида тиббий туризмни йўлга қўйди. Миллий табобат ва анъанавий тиббиёт ютуқлари асосида олиб борилаётган даволаш ишларидан саломатлигини мустаҳкамлаш учун келган меҳмонлар миннатдор бўлмоқдалар.

Бугунги кунда вилоятда тоғ ва экстремал, шунингдек, археологик туризмни ҳам жадал ривожлантириш чоралари кўриляпти.

Дарвоқе:

Асални меҳмонлар йиғиб оляпти!

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги, Асака туманидаги асаларичилик, асални қайта ишлаш ва қадоқлашга ихтисослашган “Олтин асал агро” МЧЖ, Хўжаобод туманидаги балиқчиликка ихтисослашган “Қора Амур” фермер хўжалиги, Хонобод шаҳридаги Андижон сув омбори яқинидаги Тошохур ўрмончилик бўлими негизида сайёҳлик масканларини ташкил қилган эди.

Бу ерда турли мамлакатлардан, юртимиздаги йирик шаҳарлардан ташриф буюрган меҳмонлар асал йиғиш, уни қадоқлаш, балиқ овлаш, чорва молларини соғиш каби кўнгилочар ишларга жалб қилиниб, қишлоқ одамлари ҳаёти билан яқиндан таништирилмоқда.

Манба: “Mahalla” газетаси

20 020
ЎзА