Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 15:43 Чоп этиш версияси

Азизанинг орзуси

"Бўстонлиқ туманидаги меҳмонхоналардан биридаги амалиётим сабаб, германиялик сайёҳ ва тадбиркор Анна Байер билан танишиб қолдим. Меҳмон икки кун давомида Бурчмулла ва Чимён қишлоқларини яёв кезгани, бу ернинг ўзига хос иқлими, ажабтовур табиат ёдгорликлари унда унутилмас таассурот қолдирганини ўзгача завқ билан сўзлаб берди. Айниқса, одамларнинг меҳмондўстлигию жўхори гўжа, қатлама патирнинг мазасини таърифлаётгандаги ҳайрату ҳаяжони мени ҳам тўлқинлантириб юборди..."

Бу Бўстонлиқ туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи учинчи босқич ўқувчиси Азиза Абдухалилованинг таълим даргоҳи деворий газетасига ёзган мақоласидан.

Ушбу таълим даргоҳи директори Шуҳрат Тожибоев бизни муассаса фаолияти билан таништириш, бу ерда ўқувчиларга яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб беришдан аввал шу каби самимий фикрлар битилган деворий газетага кўз югуртиришни таклиф қилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юртимизда сайёҳлик соҳасини жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шароит яратиш, малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Тошкент вилоятида ҳам маданий мерос объектларини концервация ва реставрация қилиш, ободонлаштириш, сайёҳлар учун оммавий кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш, меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, замонавий инфратузилма объектлари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда етук кадрлар тайёрлаш муҳим масалалардан биридир.

Ушбу ислоҳотларда фаол иштирок этаётган Бўстонлиқ туризм ва сервис касб-ҳунар коллежида меҳмонхона хизматлари менежери, туристик хизматлар ташкилотчиси каби бир қатор йўналишларда 272 ўқувчи замонавий шароитларда таҳсил олмоқда. Туризм ва меҳмонхона хизмати, миллий таомлар, қандолатчилик каби ўқув-ишлаб чиқариш устахонасида ўтказилаётган машғулотлар ёшларнинг назарий билимини мустаҳкамлаш билан бирга, амалий кўникмасини ҳам бойитишга хизмат қилмоқда.

Муассаса ахборот-ресурс марказининг янги адабиётлар билан мунтазам тўлдириб борилиши ўқувчиларнинг замонавий билимларни пухта эгаллашида муҳим аҳамият касб этаётир. Ёшларнинг тарих, адабиёт, иқтисод, чет тили йўналишларига қизиқиши юқорилиги инобатга олиниб, шу йўналишлар бўйича турли танловлар мунтазам ўтказилади.

– Тарих, миллий қадриятлар ва чет тилини пухта билиш сайёҳлик соҳаси ходимлари учун асосий талаблардан бўлгани боис коллежда бу борада чуқурлаштирилган машғулотлар олиб борилади, – дейди коллеж ўқитувчиси З.Мираҳмедов. – Ёшлар ўз соҳаси бўйича билим ва кўникмадан ташқари, сайёҳлик йўналишини тартибга соладиган миллий ва халқаро қонунчиликни ҳам пухта ўрганишлари зарур. Зеро, қонунчилик талабларини пухта билиш ва уларга қатъий риоя қилиш туризмни ривожлантириш, сайёҳлик фирма ва меҳмонхоналари иш фаолиятини самарали йўлга қўйиш имконини беради. Менежмент, маркетинг ва туризм хизматларини ташкил этиш дарсларида соҳага оид амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар чуқур ўргатилади. Бу борада жаҳон тажрибаси билан таништириш, чет тилларни ўргатиш, янги адабиётлар билан таъминлашда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Бўстонлиқ туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи тумандаги сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар ва катта-кичик дам олиш масканлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Бунинг самарасида айни пайтда жорий ўқув йилида коллежни тамомлаётган 92 битирувчининг 67 нафари ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган фирма, корхона ва меҳмонхонада келгусида ишлаш учун тўрт томонлама шартнома имзолади.

...Азиза коллежни битиргач, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқишни давом эттирмоқчи. Бир неча хорижий тилни пухта ўргансам юртимизга келаётган сайёҳларга мафтункор табиатимиз, қадимий тарихимиз, бетакрор миллий қадриятларимиз ҳақида фахр билан сўзлаб бераман, дейди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
850






Все о погоде - Pogoda.uz