Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.10.2017 16:33 Чоп этиш версияси

Ҳар бир инсон умри давомида албатта бориб кўриши шарт бўлган энг машҳур шаҳарлардан бири

Ҳар бир инсон умри давомида албатта бориб кўриши шарт бўлган энг машҳур шаҳарлардан бири Қарийб уч минг йиллик тарихи давомида йирик илм-фан ва маданият маркази бўлиб келаётган Самарқанд азалдан ўзининг бетакрор табиати, Шарқ меъморчилигининг ноёб дурдоналари бўлмиш муҳташам бино ва иншоотлари билан дунёга машҳур. Улуғ алломалар, тарихчилар, ижодкорлар томонидан “Буюк ипак йўлининг чорраҳаси”, “ер юзининг сайқали”, “Шарқ гавҳари”, “қадимий ва ҳамиша навқирон” деган таърифу тавсифлар билан тилга олинадиган шаҳар ҳамиша жаҳон аҳли нигоҳида.

Уни бир бор кўришни, гўзаллигидан баҳраманд бўлишни сайёрамизнинг турли қитъаларида яшовчи инсонлар ҳам орзу қилишади. Шунинг учун ҳам Самарқанд – ҳар бир инсон умри давомида албатта бориб кўриши шарт бўлган дунёнинг элликта энг машҳур шаҳарлари қаторида эътироф этилади.

Самарқанд узоқ ўтмиши давомида кўп воқеаларга гувоҳ бўлган, тараққиёт ва таназзулни бошдан кечирган. Бу ҳақда тарихий манбаларда маълумотлар кўп учрайди. Самарқанднинг ҳар қарич ерида, тарихдан мерос бўлиб келаётган қадимий обидалар, иншоотларда ҳам ўтмиш изларини кўриш мумкин. Улар киши кўнглига гоҳ маҳзунлик солиб, ўйга толдирса, гоҳ ғурур-ифтихор уйғотиб, буюк аждодларга муносиб бўлишга, уларнинг анъаналарини давом эттиришга даъват этади.

Ватанимиз мустақиллиги Самарқанд шаҳри ҳаётида мутлақо янги даврни бошлаб берди, истиқлолнинг нурафшон нурлари билан бу қадимий кентнинг ҳар бир гўшаси, унда ҳаёт кечираётган ҳар бир инсон қалбини ёритди.

Ҳар бир инсон умри давомида албатта бориб кўриши шарт бўлган энг машҳур шаҳарлардан бири

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ўзи туғилиб ўсган шаҳарга муҳаббати туфайли бу қадимий ва ҳамиша навқирон кентнинг бой тарихи, маданиятини ўрганиш, уни кенг тарғиб этиш, тарихий обидалар ва муқаддас зиёратгоҳларни асраб-авайлаш ва обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ана шу бунёдкорлик ишлари туфайли Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Бибихоним масжиди, Регистон ансамбли ва унинг атрофи обод этилиб, улуғворлигига мос кўркамлик касб этди. Асрлар давомида нафақат номи, ҳатто дафн этилган жойи ҳам тилга олинмаган буюк аждодимиз Имом Мотуридий қабри ўрнида улкан мақбара бунёд этилиб, муқаддас қадамжо обод қилинди.

Шаҳарнинг тарихий ҳудуди билан бирга, янги шаҳар қисмида ҳам бунёдкорлик ишлари уйғун тарзда олиб борилди. Бунинг натижасида Амир Темур хиёбони, Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, Кўксарой майдони, Университет хиёбони, Шоирлар боғи ва бошқа масканлар замон талаблари даражасида реконструкция қилинди. Шаҳарга кирувчи янги йўллар очилди, Бўстонсарой, Регистон, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек кўчалари кенгайтирилиб, атрофида замонавий турар жойлар, маъмурий бинолар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилди.

Самарқандда ушбу бунёдкорлик ишларининг ҳар бири йирик анжуманлар, юбилей саналарига боғланиб, халқаро аҳамият ва кўлам касб этди. Айниқса, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Имом Мотуридий, Хўжа Аҳрор Вали ва бошқа улуғ алломалар таваллудининг юбилей саналари, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. 1997 йилдан буён Самарқанд халқаро миқёсдаги санъат анжумани – “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалига мезбонлик қилиб келмоқда. Ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган ушбу тадбир дунё халқлари миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъати анъаналарини ўрганиш, тарғиб этиш, санъат воситасида халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу йил ўн биринчи бор ташкил этилган фестивалда дунёнинг олтмишга яқин давлатидан санъат намояндалари иштирок этди.

1996 йил 18 октябрда Самарқанд шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ушбу кунни Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаш ташаббусини билдирган эди. Шундан буён ҳар йили бу сана шаҳарда кенг нишонлаб келинмоқда.

Бу йил ҳам шаҳар аҳли Самарқанд кунини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрди. Бир қатор янги бино ва иншоотлар, кўчалар фойдаланишга топширилиш арафасида.

Ҳар бир инсон умри давомида албатта бориб кўриши шарт бўлган энг машҳур шаҳарлардан бири

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шаҳарда трамвай қатнови йўлга қўйилиши ва айни пайтда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётгани, Рўдакий кўчасида олиб борилаётган реконструкция ишлари, эҳтиёжманд оилалар учун кўп қаватли, арзон уй-жойлар бунёд этилаётгани Самарқандни яна ҳам обод қилиш, шаҳар аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган улкан эътибор натижасидир, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси А.Муҳиддинов. – Бундай бунёдкорлик ишлари шаҳримизнинг ҳар бир гўшасида, маҳалласида олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари кейинги бир йил давомида Самарқандга бир неча бор ташриф буюриб, шаҳарни яна ҳам обод қилиш, унинг туристик салоҳиятини ошириш, янги йўллар очиш юзасидан кўплаб ташаббуслар билдирди ва улар айни пайтда амалга оширилмоқда. Хусусан, шаҳарда бир неча меҳмонхона, ресторан ва бошқа мажмуалардан иборат замонавий туристик марказ ташкил этилиши Самарқанднинг йирик сайёҳлик соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш баробарида, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, кейинги бир йилда Самарқанд шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари Ватанимиз мустақиллигининг 25 йили давомида олиб борилган саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми сифатида шаҳар аҳли томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса, халқимизнинг ардоқли фарзанди, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов дафн этилган Ҳазрати Хизр мажмуаси ва унинг атрофида олиб борилаётган улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари, Регистон майдони яқинида, Буюк Юртбошимиз туғилиб ўсган ҳудудда унинг салобатли ҳайкали қад ростлаши Самарқанднинг қутлуғ зиёратгоҳларини янада кўпайтирди.

Бу йил Самарқанд шаҳри куни тадбирлари ушбу масканлардан бошланади. Улуғ инсон бошлаган эзгу анъаналар бугунги авлод томонидан давом эттирилади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
4 849






Все о погоде - Pogoda.uz