Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Ҳамкорлик режалари тузилмоқда

Тошкент вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш, ҳудудга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва ушбу вазифалар ижросини таъминлашда жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти бўйича ваколатли вакиллари билан ҳамкорликдаги меморандумни имзолашга бағишланган тадбирда бу алоҳида таъкидланди.

Партия фаоллари, Тошкент вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ва бошқалар ҳудуддаги барча маданий-тарихий мерос объектлари ҳамда қўриқхоналарга сайёҳларни жалб қилиш, туристик хизмат кўрсатиш соҳаси, миллий ҳунармандликни ривожлантиришнинг тарғиботини кучайтириш хусусида сўзлади.

– Ушбу ҳамкорлик юзасидан белгиланган чора-тадбирлар вилоятда туристлар оқими ва туризм хизматларини кенгайтириш, тармоқда янги иш ўринлари яратиш асосида аҳолининг бандлик даражасини оширишга хизмат қилади, – дейди партия вилоят кенгаши раиси М.Назаров. – Шуни ҳисобга олган ҳолда соҳа ҳодимлари томонидан вилоятнинг Бўстонлиқ, Паркент туманларининг тоғли қишлоқлари ва Ангрен шаҳрида махсус “Меҳмон уйлари”ни ташкил этиш юзасидан аҳоли билан кўплаб мулоқотлар ўтказилди. Мазкур лойиҳанинг имкониятлари тушунтирилиб, таклифлар ўрганилди.

Тадбирда меморандумда келтирилган вазифалар таҳлил қилиниб, Тошкент вилоятида очилмаган туризм йўналишлари ва фойдаланилмаётган имкониятлар бўйича таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди. Туризм соҳасига кадрлар тайёрловчи касб-ҳунар коллежларининг ўқув дастури, моддий-техник базасини ўрганиш, соҳа ривожига ҳисса қўшиш истагини билдирган тадбиркорларга янада кенг шароит яратиш, меҳмонхоналар хизмати, жумладан, “Меҳмон уйлари”дан фойдаланиш лойиҳаси имкониятларини ўрганиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
9 104






Все о погоде - Pogoda.uz