ЎзА Ўзбек

11.06.2019 18:06 Чоп этиш версияси

Қадимий карвон йўли – Буюк чой йўли

Қадимий карвон йўли – Буюк чой йўли

“Буюк чой йўли“ азалдан “Ипак йўли” номини олган қадимий карвон йўналишларининг бир қисми бўлган ва Хитойдан Европага нафақат ипак ва халқ ҳунармандчилиги маҳсулотларини ташишга, балки халқлар ўртасидаги амалий ва маданиятлараро алмашувларни йўлга қўйишга хизмат қилган.

Ипак йўли ҳозирда иккинчи бора туғилиш босқичида турибди. Мана икки йилдан ошдики, ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан 2013 йилнинг кузида илгари сурилган “Ипак йўлининг иқтисодий камари” ва “Денгиз ипак йўли”ни қуриш ташаббуслари кенг муҳокама этилмоқда.

“Бир макон – бир йўл” умумий номини олган мазкур ташаббуслар нафақат қадимий савдо йўлларини жонлантириш ва кучайтиришни кўзда тутади, улар ХХР Ипак йўли ўтган мамлакатлар билан амалга оширишни кўзлаган миқёсли, стратегик, ҳар томонлама ҳамкорлик дастури ҳисобланади. Ушбу ташаббуснинг рўёби учун Хитой раҳбарияти “Ипак йўли фонди”, “Осиё инфратузилмавий сармоялар банки” каби қатор механизмларни тузган.

Асрий Ипак трассаларининг бўлғуси қисми сифатида Буюк чой йўли ҳам янги мазмун касб этади. 2013 йилнинг мартида ХХР Раиси Москвага ташрифи чоғидаги чиқишларидан бирида Буюк чой йўлини қатор замонавий коммуникацион линиялар, шу жумладан, трансчегаравий қувурларнинг даракчиси деб атади. Қадимий Чой йўлининг ўтиш чизиғи Ипак йўли иқтисодий камарининг ғояси асосида дунёга келган, Мўғулистон илгари сурган “Дашт йўли” концепциясида мавжуд бўлган минтақалар ва йўналишлар билан ҳамоҳанг. Айни ташаббус 2014 йили Россия-Хитой-Мўғулистон уч томонлама ҳамкорлиги тузилмасининг ишига йўл очди. Шу маънода, Буюк чой йўли замонавий кўринишда унинг йўналишлари ўтган минтақалар учун нафақат транспорт, балки фаол иқтисодий ҳамкорлик учун салоҳиятли майдон, шу билан бирга иштирокчи давлатлар тараққиёти эҳтиёжи учун керакли импульсдир.

Замонавий манбалар Хитой чойини қўшни мамлакатларга етказиб беришнинг турли йўналишлари ҳақида маълумот беради. Масалан, IV-X асрларда “От чой йўли” орқали тоғ сўқмоқлари билан чой карвонлари Юннан ва Сичуан провинциясидан Тибетга, ундан кейин Непал ва Ҳиндистонгача келган. Хитой чойи эвазига тибет отлари савдо алмашувларидаги ўзига хос бартер вазифасини ўтаган.

Айни пайтда шимолий йўналиш ҳам мавжуд бўлиб, бунинг ҳисобига Россия ҳам хитой чойи билан танишган. Осиё ва Европадаги чой карвони йўли сифатида у XVIII-XIX асрларда пайдо бўлган. “Рус” йўналиши ҳозирги Мўғулистон ҳудудини кесиб ўтиб, Россия орқали Европага етиб борган. Унинг давомийлиги биргина Пекиндан Москвагача тахминан 9000 чақиримга чўзилган, савдо айланмаси ҳажми бўйича эса у Марказий Осиё ва Яқин Шарқ орқали ўтган Ипак йўли анъанавий йўналишларидангина кичикроқ бўлган. “Россия чой йўли” Ухан шаҳридан бошланиб, бир неча қуруқлик ва сув йўналишларига бўлинган, улар уч мамлакатнинг камида 150 та шаҳри ҳудудидан ўтган.

Умумий чизиқни Ухандан Пекингача, ундан кейин Хух-Хото, Урги (ҳозирги Улан-Батор), Дархана, Троицкосавска (ҳозирги Кяхта) гача тасвирлаш мумкин. Кяхта қачонлардир чой йўлининг бош савдо маркази бўлган, уни бежизга “Россиянинг чой пойтахти” деб номлашмаган. Йўналиш Кяхтадан Верхнеудинск (ҳозирги Улан-Удэ) ва ундан кейин Красноярск, Нижний Новгород, Москва ва Санкт-Петурбурггача чўзилган.

Кейинроқ чойнинг бир қисмини Россияга Сувайш канали ва Одесса орқали денгиз йўли билан келтиришган. Приморьега чойни Владивосток орқали етказишган. Чой бошқа мамлакатларга денгиз йўли билан етиб борган. Шанхайдан йўналишлар Лондон, Ливерпуль, Бостонга борган.

1787 йилда Россияда чой билан савдо қилувчи биринчи – “Перлов ўғиллари билан” компанияси пайдо бўлди. 1903 йилда Транссибир магистрали қурилиши якунланиши билан карвон савдосига барҳам берилди. Маҳсулотни келтириш тезлашиши ҳисобига Россияда чой нархи сезиларли арзонлашади, унинг истеъмоли эса оммавийлашади.

Ўтган асрлардан фарқли ўлароқ, Хитойдан Россия орқали Европага чой ташиган туялар карвони ўрнини ҳозирда поездлар эгаллаган, маҳсулотлар тури ҳам кенгайди, Хитой-Рус савдосини юритиш усуллари миқдори кўпайди. Буюк чой йўлидаги шаҳарлар орасида қадимий Пинъяо шаҳри ҳам бўлиб, “Хитойнинг Уолл-стрити” сифатида машҳур. Эндиликда Пинъяо мазкур қадимий маданий рамзни тиклаш учун Россиянинг Кяхта шаҳри билан биргаликда ишламоқда. Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Пиньяо ва Россиянинг Кяхта шаҳри Буюк чой йўлидаги иккита муҳим пункт, жорий йилнинг февралида биродарлик муносабатларини ўрнатиш ниятлари тўғрисидаги протоколни имзолашган. Кяхта шаҳри мэри Евгения Степанованинг сўзларига кўра, Кяхта ва Пиньяо кўплаб соҳаларда бир-бирини ўзаро тўлдиради, улар ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро алмашинувлар имкониятлари жуда кенг.

Яқин кунларда Пиняъяо ҳукумат делегацияси расман биродарлашган шаҳарлар алоқасини ўрнатиш учун жавоб ташрифи билан Кяхтага келади. “Бўлғуси ташриф энг аввало, қишлоқ ва фермер хўжаликлари маҳсулотлари соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш, шунингдек, сайёҳлик салоҳиятини тақдим этишга қаратилган“, - дейди Пинъяо уезди ҳукумати идораси раҳбарининг ўринбосари Чжан Сяохун.

Ҳозирги вақтда Хитой, Мўғулистон ва Россия Буюк чой йўлини тиклаш ва “Бир макон – бир йўл” қурилиши жараёнини илгари суриш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатларни олиб бормоқда. Хусусан, шу пайтгача Буюк чой йўли бўйидаги Хитой, Россия ва Мўғулистон шаҳарлари мэрларининг олтита саммити ўтказилди, 2018 йилнинг ноябрида эса Буюк чой йўлини Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича биринчи уч томонлама мувофиқлаштирувчи учрашуви бўлиб ўтди.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ, ЎзА
4 196