Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 23:30 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда «ICT FORUM 2017» иш бошлади

Ранг-баранг тақдимотлар ва долзарб мавзулар муҳокамаси, дунёга таниқли АКТ соҳаси мутахассис ва олимлари билан тажриба алмашиш имконияти "Ўзэкспомарказ" марказий кўргазмалар мажмуида иш бошлаган «ICT FORUM 2017» ахборот-коммуникация технологиялари форумини «ICTWEEK Uzbekistan-2017» АКТ ҳафталигининг энг ёрқин воқеаларидан бирига айлантирди.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишича, янги форматдаги «ICTWEEK Uzbekistan» ҳафталиги соҳага доир барча тадбирларни бирлаштирди. Муштарак тамойил нафақат барча тадбирларни самарали ташкил этиш ва тизимлаштириш, балки иштирокчилар ва ташриф буюрувчилар учун максимал даражадаги қулайликлар яратиш имконини беради. Бу йил ҳам анъанага кўра, форум иштирокчиларининг мулоқоти шўъба анжуманлари, бўлим йиғилишлари, маҳорат сабоқлари ва оммавий мунозаралар шаклида бўлиб ўтади. 40 дан ортиқ маъруза тақдим этилаётган форумнинг мақсади Ўзбекистонда АКТ ва "Электрон ҳукумат" тизимини янада ривожлантириш истиқболларини белгилаш, хорижлик олим ва тадқиқотчилар билан тажриба алмашиш, АКТнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга таъсирини муҳокама қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.

Форумнинг биринчи кунида "Электрон ҳукумат" тизимининг давлат хизматлари институтини шакллантиришдаги аҳамияти, аҳолига тақдим этилаётган интерактив хизматлар кўлами ва сифатини ошириш масалалари, Ўзбекистонда ишга туширилган Ягона давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш интегратори мақсад ва вазифалари, шаҳар бошқарувини модернизация қилиш, "ақлли" шаҳарлар учун турли технологиялар, шаҳарларни назорат ва мониторинг қилишнинг замонавий тизимлари ҳақида сўз юритилди.

– Ўзбекистонда ишлаб чиқилган "Электрон ҳукумат" тизими "ақлли шаҳар" яратиш тамойили ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази эксперт-маслаҳатчиси Чол Суу Чхо (Жанубий Корея). – Мазкур тизимнинг иш фаолияти давомида кўплаб муҳим маълумот ва ахборотлар йиғилди, инновацион ечимлар интеграцияси бўйича амалий тажриба тўпланди, улардан "ақлли шаҳар" концепцияси соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин.

Иштирокчилар Ўзбекистонда АКТ соҳасидаги миллий қонунчилик тобора такомиллашиб бораётгани, корхоналар ишлаб чиқариш қуввати ошаётгани, энг янги технологиялар жорий этилаётганини таъкидлади. Мобиль алоқани фаол ривожлантириш туфайли оператор ва интернет-провайдерлар, интернетдан жамоавий фойдаланиш пунктлари сони кўпайиб бормоқда.

Форумнинг шўъба анжуманларидан бири молия соҳасидаги рақамли трансформация мавзусига бағишланди. Турли давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар иқтисодиётнинг рақамли трансформацияси истиқболлари ва трендлари, Бутунжаҳон банкининг рақамли иқтисодиёт борасидаги ташаббуси, банк секторининг рақамли трансформацияси, давлат хизматлари учун лаҳзали ва онлайн-тўловлар, молия трансформацияси соҳасидаги ечимлар ва илғор технологияларга бағишланган маърузаларини тақдим этди.

Форум ахборот технологиялари ва коммуникациялари тараққиётининг замонавий тамойилларини муҳокама этиш, мамлакатимиз ва хориж мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш имконини берувчи ўзига хос маҳорат майдонига айланди.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 507






Все о погоде - Pogoda.uz