Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 19:13 Чоп этиш версияси

Йўловчилар учун яна бир қулайлик: "My Bus Tashkent" янги мобиль иловаси ишлаб чиқилди

Шаҳар жамоат транспортининг самарали фаолияти иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан биридир. Йўловчиларга қулайлик яратиш ва шаҳар жамоат транспорти ҳаракатининг назоратини кучайтириш мақсадида замонавий дастурий таъминот, мобиль илова ҳамда GPS-трекерлар жорий этилмоқда.

Тошкент шаҳрида ҳар куни жамоат транспорти хизматидан 1,3 миллионга яқин йўловчи фойдаланади. Умумий масофаси 3,5 минг километр бўлган йўналишларда деярли 25 минг рейс амалга оширилади. Шаҳар жамоат транспортидан мунтазам фойдаланувчи йўловчи ўрта ҳисобда кунига ярим соатдан икки соатгача вақтини автобусда ўтказади. "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ шаҳар жамоат транспорти хизматларини такомиллаштириш, автобуслар ҳаракати жадвалининг назоратини кучайтиришга йўналтирилган қатор ахборот технологиялари лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишлар доирасида пойтахт автобуслари ҳаракатини кузатишга мўлжалланган "My Bus Tashkent" янги мобиль иловаси ишлаб чиқилди ва йўлга қўйилди. Иловада фойдаланувчилар белгиланган йўналишдаги автобуслар ҳаракати, зарур бекатга келиш вақти, давлат рақами, автопарк рақами, бекатдан автобусгача бўлган масофа ҳамда ҳаракат тезлиги ҳақидаги маълумотлар билан танишиши мумкин. Шунингдек, иловада керакли бекатда тушиб қолиш ёки автобусни ўтказиб юбормасликка доир хабарлар тизими ҳам жорий қилинган. Бекатлар каталоги танланган бекат орқали ўтадиган маршрутларни аниқлашга ёрдам беради. Қидирув хизматидан фойдаланиб давлат рақамини билиш ёки қидирув сатрига бекат номини ёзган ҳолда автобусни топиш мумкин. Бундан ташқари, "жойлашув" тугмаси йўловчига энг яқин бекатни кўриш имконини беради.

Айни пайтда янги илова билан барча пойтахт автобус маршрутлари қамраб олинмоқда, уни уяли алоқа воситасига "Google Play" орқали кўчириб олиш мумкин.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 239






Все о погоде - Pogoda.uz