ЎзА Ўзбек

28.10.2019 Чоп этиш версияси

Тошкентдаги кўргазмада Ўзбекистондаги биринчи одамсимон робот тақдим этилади

Тошкентдаги кўргазмада Ўзбекистондаги биринчи одамсимон робот тақдим этилади

29 октябрь куни “INNOWEEK” инновацион ғоялар ҳафталиги бошланади. Унинг доирасида ўтказиладиган кўргазмада эса Ўзбекистондаги биринчи гуманоид-одамсимон робот тақдим этилади. 

Бу ҳақида “International Robotics Challenge 2019” халқаро робототехника чемпионати олдидан ўтказилган пресс-тур давомида "Робо Сумо" мусобақасининг танлов ҳайати аъзоси, Тошкентдаги Турин политехника университети иккинчи босқич магистранти Фирдавс Нематзода маълум қилди. Бу робот мусобақада иштирок этмайди ва фақат кўргазмада уни тақдимоти ўтказилади. Фирдавс Нематзоданинг қайд этишича, кўзи, боши, қўли, оёқлари ҳаракатланадиган роботнинг ҳатто бўйи ҳам инсонники каби - 180 сантиметрни ташкил этади. Сунъий интеллектга эга қурилма, рус ва инглиз тилида сўзлаша олади. У барча саволларга интернетга мурожаат этиб жавоб олади. Гуманоид роботга уч ой давомида сунъий интеллект ўрнатилган бўлиб, ҳозирда якуний ишлар қилинмоқда.

“IRC 2019” чемпионати 31 октябргача “Ўзэкспомарказ” павилёнларида бўлиб ўтади. Мусобақада икки ёш тоифаси мавжуд: 9 ёшдан 16 ёшгача (Junior) ва 17 ёшдан 23 ёшгача (Senior). Ҳар бир ёш тоифаси турли танловлардан иборат.

“International Robotics Challenge 2019” чемпионатида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлардан жамоалар иштирок этади. Ташкилотчиларнинг маълумот беришича, жами 25 мамлакат вакили унда қатнашиш истагини билдирган.

- Ушбу танловда қатнашишдан аввал республика босқичи ўтказилди ва унда сараланган энг яхши иштирокчилар кейинги босқичга йўл олди дейди, Ўзбекистон Робототехника федерацияси президенти, Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Олимжон Тўйчиев.

Ҳозирда робототехникага ихтисослашган давлат мактаблари йўқ, иштирокчилар қайси таълим муассасаларидан қатнашаяпти, деган саволга Олимжон Тўйчиев жавоб берар экан, асосан хусусий робототехника мактабларидан номзодлар қатнашаётганини қайд этди.

- Лекин, ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Унда айнан халқ таълими тизимига робототехника фанларини киритиш назарда тутилган. Демак, келгуси йилларда иштирокчилар сони янада ортади. Бу йил иккинчи маротаба танлов ўтказилмоқда. Бироқ, бундай нуфузли кўламда Марказий Осиёда биринчи маротаба ўтказилмоқда. Уч кун мобайнида 220 нафар иштирокчи икки йўналишда ўзаро баҳслашишади. Энг кўп иштирокчилар Ўзбекистондан.

Тадбир фақат робототехника билан чекланмаган, халқаро иштирокчилар олий таълим муассасаларига ҳам таклиф этилади. Келажакда улар Ўзбекистонда ўқишга қизиқиш билдиришса бунга ҳам имконият яратилади, деди Олимжон Тўйчиев.

29—31 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ”миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтадиган INNOWEEK-2019 доирасида шунингдек, инновацион ва инвестиция форуми, инновацион маҳсулотлар кўргазмаси, Осиё-тинч океани технологиялар трансфери марказининг тақдимоти ҳам ўтказилади.

5 064
Н. Тошпўлатова, ЎзА