Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 18:43 Чоп этиш версияси

Тошкентда «ICTSUMMIT-2017» саммити бўлиб ўтди

«Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма мажмуасида ахборот-коммуникация технологияларига бағишланган «ICTSUMMIT-2017» саммити бўлиб ўтди. Унда Жаҳон банки, Хитой, Беларусь, Россия, Ўзбекистон каби мамлакатларнинг АКТ бозорлари мутахассислари, давлат органлари, ижтимоий ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий АКТ компаниялари, жумладан, «HUAWEI», «Microsoft», «Beltelecom», «IBM» ходимлари иштирок этди.

Саммит Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги «Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ АКТ дастурий таъминоти саноатини жаҳон стандартларига мос равишда янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқувчиларнинг рақобатбардош дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича фаолиятини кенгайтириш учун барча шароит яратилди.

Саммит иштирокчилари Ўзбекистонда АКТнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, давлат бошқарувига ахборот технологияларини татбиқ этиш, «Электрон ҳукумат» тизими ривожланиши ва ундан фойдаланиш инфратузилмасидаги муаммо ва ютуқлар, шунингдек, электрон тижорат истиқболларини муҳокама қилди.

– Ғоя, тажриба ва технологиялар бўйича ўзаро фикр алмашиш АКТ ривожланишини рағбатлантиради, унинг тараққиёт тамойилларини белгилаш имконини беради, – дейди «HUAWEI Technologies Co. Ltd.» (ХХР) компанияси техник директори Пол Сканлан. – Ушбу АКТ саммитида тўртинчи бор иштирок этаяпман, бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ахборотлаштириш ва компьютерлаштириш жараёнлари ҳамда АКТ интеграциясини жадаллаштириш учун давлатингиз томонидан яратилаётган шароитлар тўғрисида атрофлича маълумотга эга бўлиш имконини берди.

– Ўзбекистонда АКТ бозори барқарор ривожланиб, телекоммуникация ва мобиль тармоқлар модернизация қилинмоқда, кенгайтирилмоқда, – дейди Жаҳон банки рақамли стратегия бўйича маслаҳатчиси Судан Рандип. – Бу эса рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун улкан имкониятлар эшигини очади. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ўз навбатида, электрон маҳсулот ва хизматлар тақдим этишга мўлжалланган янги компаниялар ташкил этилишига хизмат қилади. Бу мамлакат иқтисодиётининг ўсиш суръатларини жадаллаштиришга олиб келади.

Саммит мутахассисларга, давлат органлари ва халқаро ташкилотларга, шунингдек, хусусий секторга АКТ бозори ҳолатини таҳлил қилиш, ушбу соҳадаги янги ютуқлар билан танишиш, барқарор ва ишончли ҳамкорлар топиш, мамлакатимизда АКТни янада кенг жорий этиш учун қўшимча инвестиция захиралари жалб этиш имкониятини берди.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 485






Все о погоде - Pogoda.uz