ЎзА Ўзбек

18.06.2019 19:42 Чоп этиш версияси

Тез орада камералар инсонларнинг юзини фарқлай бошлайди

Тез орада камералар инсонларнинг юзини фарқлай бошлайди

Душанбе шаҳридаги видеокузатув тизимида янгилик - тез орада камералар инсонларнинг юзини фарқлай бошлайди. Тожикистон расмийларининг фикрича, хавфсизликнинг янги тизими йўқолганларни қидириш ва жиноятларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Янги видеокузатув камералари Тожикистоннинг йирик шаҳарларига ўрнатилади. Пойтахтда қиёфаларни аниқловчи видеокамералар Душанбе халқаро аэропортига, темирйўл вокзалига, йирик савдо марказлари ва бозорлар, оромгоҳлар, одамлар тўпланадиган бошқа жойларга ўрнатилади, деди Радио Озоди билан суҳбатда “Шаҳри бехатар” маркази раҳбарининг ўринбосари Фурқат Шоимардонов.

Хабарларга кўра, дастур бир неча сонияларда катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишга қодир бўлган сунъий интеллектга асосланган. Тизим рақамли тасвирни кўздан кечиради ва ноёб хусусиятларни аниқлайди, бу инсонлар юзини аниқлаш ва бошқа қиёфалар билан солиштириш имконини беради. “Агар камера ўрнатилса, юз кўриниши 25 фоиз ўхшаш бўлган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар бизнинг марказга келиб тушади”, - дея таъкидлайди Фурқат Шоимардонов.

Тожикистонда одил судловдан қочиб юрган жиноятчиларни, шунингдек, бедарак йўқолган фуқароларни қидириш мамлакат ИИВ сайтида эълон асосида олиб борилади. Расмийлар фуқароларга мурожаат қилиб қидирувда бўлган оғир жиноят содир этган жиноятчиларни топишда ёрдам беришини ва бунинг учун мукофот берилишини таъкидлаб келади.

“Хавфсиз шаҳар” марказининг маълум қилишича, Душанбе ва бошқа йирик шаҳарларда Хитойнинг “Huawei” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган видеокузатув камералари ўрнатилади.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг октябрида Душанбеда “Шаҳри бехатар” тизими жорий қилинган, унинг доирасида пойтахтнинг 75 та чорраҳаси ва марказий кўчаларига 855 та видеокузатув камералари ўрнатилган эди. Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 22 миллион доллар сарфланди. Бу маблағларнинг 20,9 миллион доллари Хитой томонидан ШҲТ доирасида берилган узоқ муддатли кредитдир. Қолган 1,1 миллион доллари эса тожик томонининг ҳиссасидир.

“Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси ўтган йили 2 миллионта ҳуқуқ бузилишларини аниқлади, жарималар натижасида тушган пуллар 132 миллион сомони (14 миллион долларга яқин)дан ошиб кетди, дея хабар беради маҳаллий расмийлар.

Душанбенинг кўплаб аҳолиси хавфсизликнинг янги тизимини қўллаб-қувватлайди. Бироқ ўзини Саидакбар дея таништирган маҳаллий аҳоли вакилининг айтишича, янги тизим коррупцияга сабаб бўлиши мумкин, чунки ҳуқуқ тартибот идораларининг айрим нопок ходимлари “мукофот эвази”га гумондорларнинг суратини олиб ташлаши мумкин экан.

Ўтган йили Душанбедаги Айний номидаги дам олиш парки суньий интеллект элементлари мавжуд бўлган Dahua видеокузатув камералари билан жиҳозланган эди. Шу тариқа парк шаҳардаги энг хавфсиз масканлардан бирига айланди. Ўшанда ҳокимлик матбуот хизмати, одамлар қиёфасини аниқлашга қодир жиҳоз паркка ташриф буюраётган одамлар сонини аниқлаш, шунингдек, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг қидирувда бўлган одамларни қидиришдаги ишларни енгиллаштириш мақсадида камералар ўрнатиш борасидаги топшириқ шаҳар ҳокими Рустам Эмомали томонидан берилганини маълум қилган эди.

ЎзА
4 939