ЎзА Ўзбек

06.05.2019 21:26 Чоп этиш версияси

Термизда инновацион мобиль кинотеатр иш бошлади

Термизда инновацион мобиль кинотеатр иш бошлади

MAN автомобилига ўрнатилган мобиль кинотеатр барча мавсумга мослаштирилган.

Президентимиз жорий йилнинг 30 апрель – 1 май кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Cinema Servis" масъулияти чекланган жамиятининг “Киномобиль” – Ўзбекистондаги биринчи инновацион кинотеатр лойиҳаси тақдимоти билан танишиб, тегишли тавсияларни берган эди. Шунга мувофиқ Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда амалга оширилган мазкур лойиҳа Термиз шаҳрида кино мухлисларига сифатли хизмат кўрсатишни бошлади.

MAN автомобилига ўрнатилган мобиль кинотеатр барча мавсумга мослаштирилиб, иситиш, вентиляция, совутиш тизими билан жиҳозлангани илк томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Инновацион мобиль кинотеатрни ишга тушириш учун 30 дақиқа вақт сарфланади. Бу вақтда қурилма энига 6 метргача кенгаяди ва 80 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

– Ушбу лойиҳанинг афзаллиги томошабинларга ўзбек ва жаҳон кинематографиясининг дурдоналари ва янгиликлари билан рақамли 2D ҳамда 3D форматида танишиш имкониятини яратади, – дейди кинооператор А.Бердиев. – Келгусида воҳанинг олис ва чекка ҳудудларида яшовчи аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиб, маданияти ва маънавиятини юксалтиришга кўмаклашмоқчимиз.

Мобиль кинотеатрда “Экрандаги китоб” (Экранлаштирилган бадиий асарлар) туркумида севимли фильмларни кўриш, жаҳон ва ўзбек адабиётининг мумтоз ва замонавий намояндалари ҳаёт йўли ҳамда асарлари билан танишиш, экранлаштирилган бадиий асарлар намойиши олдидан китоб ва фильм муаллифлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиши мумкин.

Айни пайтда инновацион кинотеатрнинг илк мижози бўлган Термиз давлат университети талабалари учун “Скорпион”, “Элпарвар”, “Саид ва Саида” бадиий ҳамда “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” ҳужжатли фильмлари намойиш этилмоқда.

photo5368806968401177578.jpg

photo5368806968401177580.jpg

photo5368806968401177582.jpg

Х.МАМАТРАЙИМОВ, Ж.ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА
3 990