Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 20:25 Чоп этиш версияси

Солиқ соҳасида янги механизм

Ўзбекистонда 2018 йилдан солиқ органларида ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимда берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади.

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ушбу янги тизим, аввало, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида амалиётга татбиқ этилади. Кейинчалик назорат-касса машиналаридан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фойдаланилади. Бу нафақат солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш ошкоралигини таъминлаш, балки маҳсулот ва хизматларни сотишдан тушган нақд пул тушумини тўлалигича ҳисобга олиш, даромадларни яшириш ҳолатларига чек қўйиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасидан маълум қилишларича, мустақиллик йилларида мамлакатимизда солиқ юкини босқичма-босқич камайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай муҳит яратишга хизмат қиладиган фискал тизими шакллантирилди.

Айни пайтда солиқ маъмуриятчилигини, жумладан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш соҳасини такомиллаштириш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Фискал тизимга инновацион ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мазкур ўзгаришларнинг муҳим йўналишларидан биридир.

Солиқ органлари бир пайтнинг ўзида иккита янги автоматлаштирилган тизим ва қатор интерфаол хизматларни ишлаб чиқиш борасида ишламоқда. Масалан, 2018 йил 1 январдан нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими ва солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш имконини берадиган махсус автоматлаштирилган тизим жорий этилади.

Жорий этилаётган назорат-касса машиналари мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали йўлга қўйилган товар айланмасини ҳисобга олиш тизимининг бир қисмини ташкил этади. Келгусида интеграциялаштириладиган барча технологиялар маҳсулотни ишлаб чиқарувчидан охирги харидорга ёки маҳсулотни импорт қилишда божхона пунктидан истеъмолчига етказиб берилишини назорат қилиш имконини берадиган ягона тизимда бирлаштирилади. Бу, ўз навбатида, истеъмолчиларни сифатсиз, контрабанда ва контрафакт маҳсулотлар харид қилишдан ҳимоялаш, маҳсулотнинг сифати белгиланган талабга жавобга бермаганда уни алмаштириш ёки пулини қайтаришни таъминлайди. Ушбу барча мосламаларга сифатли ҳимоя воситалари ўрнатилади. Ҳисобга олинмайдиган савдога босқичма-босқич чек қўйиш солиқларнинг тўлиқ тўланмаслиги, нақд пул маблағларининг ўз вақтида банкка топширилмаслиги каби муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Савдо ва сервис корхоналари эса онлайн режимда назорат қилинади.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 623






Все о погоде - Pogoda.uz