ЎзА Ўзбек

01.04.2019 15:51 Чоп этиш версияси

​Шайхонтоҳур туманида "Оқлон" технопаркининг очилиши бўлиб ўтди

​Шайхонтоҳур туманида "Оқлон" технопаркининг очилиши бўлиб ўтди

Технопарк ҳудудида умумий қиймати 110 миллиард сўмлик учта лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Натижада 1000 та янги иш ўрни яратилишига эришилади.

Шайхонтоҳур туманида бўш турган ер участкасининг умумий майдони 1,8 гектар бўлган қисми “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг инвестиция компанияси – “PSBCapital”га кўп тармоқли “Оқлон” технология паркини ташкил этиш учун ажратиб берилди. Хусусан,“Colmet engravo” масъулияти чекланган жамияти рангли металлардан турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйади. Умумий қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этадиган лойиҳани амалга оширилиши натижасида йилига 20 миллиард сўмлик юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, 190 та янги иш ўрни яратилади.

Технопарк ҳудудида амалга ошириладиган яна бир лойиҳа – санитар-гигиеник маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобланади. “Lider kosmetik” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириладиган ушбу лойиҳага 35 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилади. Натижада 260 та янги иш ўрни яратилади. 

cc4feccc-6b31-4478-bc00-a84351943348.jpg

Шунингдек, “Overbridge” масъулияти чекланган жамияти қиймати 45 миллиард сўмлик копток ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Корхона тўла қувватда ишга тушиши билан йилига 875,0 минг дона копток ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 550 нафар ишчи доимий иш билан таъминланади.

fc14ded6-9779-4811-98e4-0fd8713e3e1f.jpg

Таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда хорижий инвестициялар ҳам фаол жалб қилинмоқда. Хусусан, “Overbridge” корхонасининг копток ишлаб чиқариш лойиҳасига хитойлик инвестор 3 миллион доллар инвестиция киритмоқда. “Lider kosmetik” корхонаси амалга ошираётган лойиҳага Туркия Эксимбанки (3,5 миллион доллар), “Colmet engravo” корхонаси лойиҳасига эса Хитой Давлат тараққиёт банки (2,5 миллион доллар)нинг хорижий кредит линиялари жалб этилади.

Қайд этиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 10 август куни пойтахтимиз туманларидаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш чоғида “Оқлон” технология паркини барпо этиш вазифасини қўйган эди. Бугун ушбу топшириқ ижроси таъминланди.

ЎзА
5 972