ЎзА Ўзбек

08.11.2018 Чоп этиш версияси

“Sciencethon” дастури – орзулар рўёби

Пойтахтимиздаги Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида юқори технологияли, кичик стартап компаниялар учун “Sciencethon” дастури бўйича Инновацион стартап акселератор ва инкубатор ташкил этилди. Унда ёш тадбиркорлар, стартап ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда стартапларни жорий этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро миқёсда оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 11 сентябрдаги “Инновацион фаолиятни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази тузилмасида юқори технологияли кичик компаниялар учун мавжуд инфратузилма, хоналар, лабораториялар ва асбоб-ускуналарни имтиёзли шартларда тақдим этган ҳолда Инновацион стартап-акселератор ва стартап-инкубатор ташкил қилинган.

Бу ерда лаборатория асбоб-ускуналари, ишлаб чиқариш майдонлари ва офис хоналари Илғор технологиялар маркази резидентларига ижарага 2 йил муддатга, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда 5 йилгача узайтириш ҳуқуқи билан тақдим этилади.

Тадбирда стартаплар ижтимоий-иқтисодий муҳитнинг жадал ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши, шу боис бундай компанияларнинг муваффақиятли ривожланиши учун моддий, инфраструктуравий ва тажриба жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозимлиги, бундай кўмакни эса махсус структуралар стартап акселератор ва инкубаторлар яратиб бериши мумкинлиги қайд этилди.

Бир юз ўттизга яқин стартап вакиллари орасида тошкентлик ёш тадбиркор Шероз Долимов ҳам бор. Бугунги тадбир унда катта таассурот қолдирди.

– Мақсадим мамлакатимиз ҳудудига импорт сифатида келадиган озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиладиган айрим маҳсулотларни маҳаллийлаштиришдан иборат, – дейди Ш.Долимов. – Шунинг учун бугунги тадбир режаларимни амалга ошишида муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Агар шу стартап-акселераторда мен берган аризани танлашадиган бўлса, олти ой давомида турли тренингларда иштирок этамиз. Бу жараён бизга керакли маслаҳатларни қўлга киритиб, лойиҳани амалга оширишга имкон яратади.



19 649
Даврон Суннатов, ЎзА