Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.06.2017 20:05 Чоп этиш версияси

Мутахассислар тажриба алмашди

Пойтахтимизда мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари саноатини ривожлантириш ва иқтисодиётимизни юксалтиришда АКТнинг ролига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Беларусь Республикаси Юқори технологиялар парки мутахассислари ҳам иштирок этиб, кўп тармоқли ахборот инфратузилмасини яратиш ва ёш дастурчилар ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Беларусь Республикаси ахборот технологиялари корхона ҳамда муассасалари ўртасида қатор шартнома ва меморандумлар имзоланган. Ушбу ҳужжатлар ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида икки мамлакат ҳамкорлигида муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Тадбирда мамлакатимиз ва Беларусь мутахассислари софтвер саноатини янада ривожлантириш истиқболлари ва имкониятлари, дастурчи ва муҳандислар тайёрлаш сифатини ошириш бўйича ўзаро амалий тажриба ва фикр алмашиш имкониятига эга бўлди.

Учрашувда ахборот технологиялари саноати дунёда жадал ривожланаётган ва иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларидан бири экани таъкидланди. Бугунги кунда юқори технологиялар тармоғидан олинаётган даромад ривожланган кўплаб давлатлар ялпи ички маҳсулотининг асосий қисмини ташкил этади. Мамлакатимизда ҳам IT-компаниялар сони йил сайин кўпайиб бораётир. Улар софтвер саноатининг турли йўналишларини ривожлантириб, юртимиз муассасалари ва корхоналари учун юқори сифатли ва замонавий дастурий маҳсулотлар яратмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, замонавий М2М ва оптик толали технологияларни жорий қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Мамлакатимизнинг аксарият вазирлик ва идоралари, давлат ташкилотлари, тиббиёт ва таълим муассасалари ўз электрон ва автоматлаштирилган тизимлари, маълумотлар базасига эга. Бунинг самарасида деярли барча ижтимоий-иқтисодий соҳаларда иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қиладиган янги интеллектуал тизимларни интеграциялаштириш имконияти пайдо бўлди.

Тадбир доирасида беларуслик мутахассислар Беларусь Республикаси Юқори технологиялар парки тақдимотини ўтказиб, уни ташкил этиш тажрибаси ва парк базасида амалга оширилаётган таълим дастурлари ҳақида сўзлаб берди. Беларусь иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бирига айланган ахборот технологиялари соҳаси “МАЗ” ва “БелАз” сингари йирик компаниялар фаолият юритаётган машинасозлик тармоғи оладиган даромаддан ҳам кўпроқ фойда келтираётгани таъкидланди. Беларусь Республикаси Юқори технологиялар парки резидентлари йилига қиймати 820 миллион долларга яқин экспорт хизматлари кўрсатмоқда. Мамлакатимиз ҳам ахборот технологиялари саноатини ривожлантириш борасида катта истиқболга эга бўлиб, бу юртимизда ташкил этилаётган кўп тармоқли ахборот инфратузилмаси ва маҳаллий кадрларнинг юқори салоҳияти билан боғлиқ.

Тадбирда Ўзбекистон ва Беларусь ахборот технологиялари компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 742






Все о погоде - Pogoda.uz