ЎзА Ўзбек

07.06.2019 11:49 Чоп этиш версияси

МТС ва Huawei Россияда 5G тармоғини ривожлантириш бўйича битим имзолади

МТС ва Huawei Россияда 5G тармоғини ривожлантириш бўйича битим имзолади

Москва. 2019 йил, 5 июнь: ОАЖ “МТС” (NYSE: MBT, MOEX: MTSS), Россиянинг йирик телекоммуникация оператори ва рақамли хизматлар провайдери ҳамда АКТ-ечимлар етказиб бериш бўйича жаҳондаги пешқадам таъминотчи ҳисобланган Huawei компанияси Санкт-Петербургда ўтказиладиган халқаро иқтисодий форум арафасида 5G технологияларини ривожлантириш ва 2019-2020 йилларда Россияда бешинчи авлод тармоқларини синов тарзида ишга тушириш борасида келишув имзолади.

Мазкур битимни имзолашга бағишланган тантанали маросим ҳукуматлараро даражада Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирокида Кремлда бўлиб ўтди. ОАЖ “МТС” президенти Алексей Корня ва Huawei бошқарувининг амалдаги раиси Го Пин ўзаро имзоланган битимларни алмашди.

Келишув доирасида компаниялар МТСнинг амалдаги инфратузилмасида 5G ва ИоТ технологиялари ҳамда ечимларини татбиқ этиш, операторнинг тижорий ЛТE тармоғини “5G-ready” даражасигача кўтариш, турли фойдаланиш сценарийлари учун синов ҳудудлари ва 5G тажриба тармоғини, шу жумладан, инфратузилмали объектларда ҳам ишга туширишни кўзда тутадиган 2019-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишди.

“Узоқ йиллик ўзаро манфаатли муносабатлар туфайли МТС ва Huawei ўз соҳалари бўйича бозордаги позицияларини мустаҳкамлашда давом этмоқдалар. Бугун 5G технологиясини ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзолаш орқали бизнинг ҳамкорлигимиз янги даражага чиқди – биз жуда яқин келажакда Россияда 5G тармоқларининг тижорий қўлланилишига пойдевор яратган ҳолда, нафақат юқори технологиялар йўналишида иккала компаниянинг стратегик ҳамкорлигига туртки беряпмиз, балки Россия ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг истиқболдаги тараққиётига ҳам ҳисса қўшмоқдамиз”, - деб таъкидлади МТС президенти Алексей Корня.

“Биз МТС билан, айниқса, 5G тараққиёти каби стратегик жиҳатдан муҳим соҳада янги битимни имзолашдан жуда мамнунмиз. Маросимда Россия ва Хитой Президентларининг қатнашганлиги технологик соҳада Россия ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик нечоғлик аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор исботлайди. Huawei бешинчи авлод тармоқларини ривожлантириш борасида улкан тажрибага эга бўлиб, бу технологияга элтувчи пойгада пешқадамлик қилмоқда. Компания 5G соҳасига тегишли 16 000 дан ортиқ патентларга эгалик қилади ва бу кўрсаткич бўйича жаҳонда биринчи ўринда. Бизнинг биргаликдаги ҳаракатларимиз Россияда 5G даврини яқинлаштиришига умид қиламиз”, - деди Го Пин, Huawei бошқарувининг амалдаги раиси.

Имзоланган келишув доирасида, жумладан, компаниялар ҳамкорликда бажарадиган қуйидаги ишлар кўзда тутилган:

частота спектрларидан самарали фойдаланиш масалалари бўйича консультациялар;
юқори фойдаланиш тезлиги ва тармоқ сиғимига эга гигабайтли LTE ҳудудларини ишга тушириш;
ниҳоятда паст кечикиш билан ишлайдиган LTE-Эволутион тармоқларини йўлга қўйиш;
қайд қилинган симсиз фойдаланиш учун 5G-тармоқларни ишга тушириш;
МТС компаниясининг тижорий тармоғида 5G NR технологиясини йўлга қўйиш;
5G бизнес ечимларини (Robot ARM) ривожлантириш масалалари бўйича ҳамкорлик;
Саноат, “ақлли шаҳар”, UJX, қишлоқ хўжалиги учун IoT ечимларини жорий этиш;
5G тармоғи сегментини ҳамкорликда тайёрлаш (спектрни тақсимлаш ҳисоби билан);
5G технологиясидан фойдаланиш сценарийларини амалга татбиқ этиш (шу жумладан, ақлли шаҳар, ақлли ишлаб чиқариш, пилотсиз транспорт);
Мураккаб инфратузилмали объектларда (тезкор поездлар, метрополитен, кўп қаватли турар-жой мажмуалари ва бошқалар) 5G-ечимларига эга синов ҳудудларини яратиш.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, шу йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Huaweiнинг Пекин шаҳридаги тадқиқотлар марказига қилган ташрифи чоғида, 5Г технологиялари ва ечимлари билан яқиндан танишиб, Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда самарали ишлар олиб боришга кўрсатмалар берган эди.


ЎзА
1 937