Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 16:45 Чоп этиш версияси

Мобиль алоқа: технологиялар, сифат ва хавфсизлик

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтган давра суҳбати ана шу мавзуга бағишланди. Унда Ўзбекистонда мобиль тармоқларни янада ривожлантириш, мобиль операторлар таянч станциялари сонини кўпайтириш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, мобиль операторлар, таянч станциялари ва мобиль технологияларни ишлаб чиқарувчи компаниялар, пойтахтимиздаги коммунал хизмат вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда мобиль алоқа ва мобиль интернет сифатини яхшилаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда бешта мобиль оператори рўйхатдан ўтган бўлиб, бу эркин рақобат ва улар кўрсатаётган хизматларнинг арзон бўлишига хизмат қилмоқда. 21 миллиондан ортиқ киши мазкур операторлар мижози бўлиб, уларнинг аксарияти фаол интернет фойдаланувчиларидир. Мобиль алоқа ва интернет сифатини яхшилаш мақсадида сўнгги икки йил ичида юртимизнинг барча вилоятларида икки мингдан зиёд таянч станцияси барпо этилди.

Мобиль алоқа операторлари мобиль тармоқларнинг тўла қамровни таъминлаш, маълумот ўтказиш ҳажми ва қувватини ошириш учун ўз таянч станцияларини нафақат нотураржой бинолари, айни дамда шаҳардаги кўп қаватли уйларда ҳам ўрнатишига тўғри келмоқда. Аҳоли бундай ускуналарнинг инсон организмига зарар келтириши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Давра суҳбатида тегишли мутахассислар мазкур масала юзасидан батафсил тушунтириш берди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда таянч станциялари бўйича жорий қилинган сигналнинг техник ўлчамларига амал қилинганда улар инсон саломатлигига ҳеч қандай зиён етказмайди. Шунингдек, дала шароитида олиб борилган тадқиқот натижалари билан ҳам таништирилди. Кузатувда таянч станцияларининг табиий муҳит учун хавфсиз эканлиги исботланди.

Тадбирда таянч станцияларини ўрнатиш бўйича тартиб-қоидалар, уларни ишлатиш меъёрлари ҳамда турар жой бинолари том қисмида таянч станцияларини таъмирлаш ва қайта таъмирлаш ҳолларида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзоларининг ҳуқуқлари муҳокама қилинди.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 129






Все о погоде - Pogoda.uz