Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.11.2017 21:13 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз ахборот технологиялари соҳаси халқаро семинарда тақдим этилди

Жанубий Кореянинг Тэжон шаҳрида ўтказилган халқаро семинар доирасида Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳасининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, жумладан, Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази фаолияти тақдимоти бўлиб ўтди.

Жанубий Корея фан ва техника институти томонидан ташкил этилган халқаро семинарда Ўзбекистон, Болгария, ЖАР, Сенегал, Бразилия, Гана, Озарбайжон, Қозоғистон, БАА, Эквадор, Тунис вакиллари иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимиз мутахассислари Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази фаолияти ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳасининг истиқболларига бағишланган маърузалар қилди.

Ўзбекистонда АКТ учун дастурий таъминот ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга мувофиқ равишда ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган бошқа вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги "Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ ахборот технологиялари соҳасидаги хўжалик субъектлари, шунингдек, дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларини бирлаштиришни кўзда тутувчи Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази ташкил этилди.

Инновация марказининг асосий вазифаларидан бири – хўжалик субъектлари ва олий таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш, АКТ маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда ишлаб чиқариш ва жорий этиш учун ташкилий-техник ҳамда молиявий-иқтисодий шароитларни яратишдан иборатдир. Инновация маркази ўз резидентларига уларнинг рақобатбардош лойиҳаларини амалга ошириш учун хориждан сармоя жалб қилишга кўмаклашади. Шунингдек, марказ негизида ўқув курслари ва тренинглар ташкил этилади.

Инновация маркази резидентларига қатор имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилаётгани таъкидланди. Хусусан, улар барча турдаги солиқлар ҳамда мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўловлар, шунингдек, 2028 йилнинг 1 январига қадар ягона ижтимоий тўловдан озод қилинган. Улар ўз эҳтиёжлари учун давлатимиз ҳудудига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминотларни олиб кирганлари учун божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўламайди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари халқаро семинар иштирокчиларига юртимизда АКТ соҳасини ривожлантириш, иқтисодий соҳаларнинг ахборотлаштирилиши ва компьютерлаштирилиши даражаси ҳақида маълумот берди. Хориж компанияларининг мамлакатимизга сармоя киритиш имкониятлари, шунингдек, мазкур йўналишда хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинар доирасида Ўзбекистон делегацияси хорижий давлатлар вакиллари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик юзасидан музокалар олиб борди.

Роман Бондарчук, ЎзА
2 970






Все о погоде - Pogoda.uz