Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.06.2018 12:53 Чоп этиш версияси

Хитой компанияси Ўзбекистонда электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи

Хитой компанияси Ўзбекистонда электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи
Инновацион ривожланиш вазирлигида Changan Automobile Group компанияси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Вазирлик матбуот хизматининг маълумотларига қараганда, муҳокамалар жараёнида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва Ўзбекистон ҳудудида электр қуввати билан ишлайдиган автомобиллар ишлаб чиқариш имкониятлари кўриб чиқилган.

Changan компанияси вакиллари Фарғона водийсида жойлашиши мумкин бўлган электромобиллар йиғиш цехини қуриш ниятида эканликларини маълум қилишди. Ўз навбатида, Инновация вазири ўринбосари Отабек Назиров мазкур лойиҳани амалга оширилишини жадаллаштириш учун бор имкониятларни ишга солишга, Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ва давлат органлари билан мулоқотга амалий ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Томонлар тез кунларда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашга келишиб олишди.

Лойиҳа муваффақиятли йўлга қўйилса, биринчи босқичда 15-20 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади ва 150 тагача янги иш ўринлари ташкил этилади. Натижада бир йилда мингта йирик узелли электромобиллар йиғиш мумкин бўлади. Иккинчи босқичда эса республикадаги мавжуд корхоналарнинг қувватини жалб этган ҳолда ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади. Бу эса тўғридан-тўғри ва қўшимча иш ўринлари сонининг ошишига хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, Changan Automobile Group Co Ltd энг кўп автомобил ишлаб чиқарувчи Хитой автомобиль компанияларининг кучли тўртлигига киради. Автокомпаниянинг Ford Motor, Suzuki Motor, Mazda Motor ва PSA Peugeot Citroen каби йирик концернлар билан қўшма корхоналари мавжуд. Changanнинг бош идораси Чунцин шаҳрида жойлашган.

Ўзбекистонда мазкур компания гибрид двигателли ва бутунлай электр кучида ишлайдиган замонавий автомобиллар ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқда. 2025 йилга келиб барча турдаги (кичик метражли автомобиллардан тортиб купе кузовли олий тоифадаги автомобилларагача) фақат электр қуввати билан ишлайдиган 21 моделдаги янги электрмобиллар ва 12 та гибрид моделлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.



Н. Тошпўлатова, ЎзА
9 945