Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.05.2017 19:01 Чоп этиш версияси

Халқ билан мулоқот такомиллашмоқда

“Электрон ҳукумат” тизими йил сайин такомиллашиб, талаб юқори бўлган янги интерфаол хизматлар билан бойитилган ҳолда фойдаланувчилар учун янада қулай бўлиб бормоқда. Айни пайтда ушбу ишлар давоми сифатида Интерфаол давлат хизматлари ягона порталининг янгиланган ИДХЯП 2.0 версияси синовдан ўтказилмоқда.

Юридик ва жисмоний шахслар учун тақдим этиладиган интерфаол хизматлар порталини яратишда Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган ва амал қилаётган давлат органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси асос бўлиб хизмат қилди. Бу борадаги ишлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида янги босқичда давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказидан маълум қилишларича, айни пайтда ягона порталга 300 дан зиёд давлат хизматини тақдим этадиган 600 дан ортиқ давлат муассасаси ва ташкилотлари уланган.

Техник тараққиёт ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг давлат органлари фаолиятига жадал интеграциялашуви ягона портал тақдим этадиган интерфаол хизматлар сифати ва миқдорига бўлган талабни ўзгартирди. Шу боис “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази “LG CNS UZBEKISTAN” компанияси билан ҳамкорликда Интерфаол давлат хизматлари ягона порталининг янгиланган ИДХЯП 2.0 версиясини ишлаб чиқди. Унга кўра, портал функциялари бутунлай ўзгартирилди, интерфейс янгиланиб, соддалаштирилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг, коммунал хизматларни етказувчиларнинг маълумотлар базаси тизими, тўлов тизими интеграциялаштирилди. Порталда рўйхатдан ўтиш жараёни ҳам сезиларли даражада соддалаштирилиб, фойдаланувчининг шахсий кабинетига ўзгартиш киритилди. Энди фуқароларнинг ўзи шахсий кабинетини хизматлар билан тўлдириши мумкин.

Янги портал фойдаланувчининг ёши, оилавий ва ижтимоий аҳволидан келиб чиққан ҳолда хизматлар таклиф этади. Тадбиркор шахсий кабинетида юридик шахснинг реквизитлари, коммунал хўжалик, солиқ солиш, статистика ҳисоботини тақдим этиш, автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш каби йўналишларда ахборот блоклари пайдо бўлади.

“Электрон ҳукумат” тизимининг такомиллашуви, талаб юқори бўлган янги интерфаол хизматлар таклиф этилиши Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ва халқ ўртасидаги мулоқотнинг янада кенгайиши ва мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 988






Все о погоде - Pogoda.uz