ЎзА Ўзбек

12.08.2019 Чоп этиш версияси

“Jamoatchilik” онлайн-платформасига келиб тушган ҳар бир мурожаат ўрганиб чиқилади

“Jamoatchilik” онлайн-платформасига келиб тушган ҳар бир мурожаат ўрганиб чиқилади

Интернет тармоғида “Jamoatchilik” онлайн-платформаси ишга туширилди.

Платформанинг мақсади фуқаролар ва кенг жамоатчиликнинг амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувига фаол жалб қилиш, шунингдек, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли олдида ҳисобдорлигини янада кучайтириш ҳисобланади.

Jamoatchilik.uz веб-сайтининг муҳим вазифаси – келиб тушаётган таклифларни доимий равишда экспертлар ёрдамида умумлаштириб, таҳлил қилиб, тегишли давлат идораларига юбориш ҳисобланади.

Онлайн-платформа фойдаланувчилари республиканинг барча ҳудудларидан бўлиб, улар турли соҳаларда фаолият юритаётган фуқаролардир. Ёши, ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларга бўлган қарашлари турлича. Улар ҳаётий тажрибалари, малака ва йўналишлари, жойлардаги ҳақиқий вазият ва ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, давлат ва жамиятнинг турли соҳаларини ривожлантириш бўйича ташаббус ва таклифларни тақдим этиб боради.

Жорий йилнинг 12 август ҳолатига кўра, платформага келиб тушган хабар ва таклифлар сони 500 га яқинлашди ва бу кўрсаткич ўсиб бормоқда.

“Jamoatchilik” онлайн-платформасига турли соҳалар бўйича таклиф ва хабарлар юборилмоқда. Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш, молия ва кредитлаш, энергетика ва коммунал хизматлар, паспорт тизими ва фуқароликни расмийлаштириш, мажбурий меҳнат ва коррупцияга қарши курашиш каби кўплаб соҳалар бўйича 420 дан ортиқ ўринли ва асосли таклифлар келиб тушди. Уларнинг аксарияти амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ.

Жумладан, фуқаролар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар томонидан пойтахт ва Тошкент вилоятининг иккиламчи бозорида кўчмас мулк сотиб олишга қўйилган чекловларни бекор қилиш, энергоресурслар истеъмоли бўйича ижтимоий меъёрларни қайта кўриб чиқиш, коммунал хизматлар ҳисоби ва тўлов жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, хоспислар ташкил қилиш, гиёҳвандликнинг олдини олиш учун психотроп дорилар савдосини чеклаш каби таклифлар билан чиқмоқда.

Бир қатор таклифлар эса кредит олиш тартибини соддалаштириш, жумладан, истеъмол ва автокредитлар, электрон тўловларни жорий қилиш, коррупциянинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари тизимида блокчейн технологиясини жорий этиш, барча даражадаги мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари учун мажбурий даромад декларациясини жорий этиш кабилардир.

Онлайн-платформа ҳокимият ва аҳоли ўртасида конструктив мулоқот майдонига айланиб, фуқароларни давлат ва жамоат бошқарувига жалб этиш ҳамда ушбу жараёнларда уларнинг иштирокини янада ошириш бўйича самарали механизм бўлади. Эркин фикр билдириш, мавжуд муаммолар тўғрисида хабарлар қолдириш имконияти эса жойлардаги ҳақиқий ҳолатни шакллантиришга, аҳоли кайфиятини аниқлашга ёрдам беради.

Платформа фаолияти ҳар ҳафта таҳлил қилиниб, оралиқ натижалар эълон қилиб борилади. Хусусан, келиб тушган таклиф ва хабарлар муаллифлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, ОАВлар вакиллари иштирокида очиқ муҳокама ташкил этилади.

16 835
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА