Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 20:14 Чоп этиш версияси

Истиқболли лойиҳалар намойиши

Истиқболли лойиҳалар намойиши Андижон давлат тиббиёт институти олимларининг “Интенсив иссиқхоналарни биогаз ва иссиқлик насослари ёрдамида иситиш ва лазер нури билан фаоллаштирилган уруғлар ёрдамида ҳосилдорликни ошириш” лойиҳаси фермер хўжаликлари раҳбарлари ва тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.

– Ушбу технология иссиқхоналарни иссиқлик билан таъминлаш баробарида, уруғнинг эрта униб чиқиши ва ривожланишини тезлаштиради, ҳосилдорликни 20 фоизгача оширади, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти биофизика лабораторияси мудири, ёш тадқиқотчи Дилмурод Жўраев. – Энергия сарфини тежайди, маҳсулот таннархи арзон бўлишини таъминлайди.

Андижонда ўтказилган инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркасида ёш олимлар, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳамда бошқа идоралар тасарруфидаги институт, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик муассасаларининг 250 дан зиёд инновацион ғоя, технология ва ишланмаси намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасига тайёргарлик доирасида ташкил этилган тадбирда фан-техника ютуқлари, инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

– Анъанавий ўтказиб келинаётган ярмарка инновацион ва илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш, ишлаб чиқарувчилар ва илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда, – дейди Андижон давлат университети илмий ишлар бўйича проректори, ҳудудий тақдимот ташкилий қўмитаси аъзоси Бахтиёр Расулов. – Бу барча соҳаларда ишлаб чиқаришга илмий ёндашиш, илғор технологияларни жорий этиш орқали юқори натижаларга эришишга хизмат қилади. Бугунги ярмаркада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, серҳосил ва эртапишар янги навлар, ўсимлик ва экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш воситалари, чорвачилик, боғдорчиликда ҳосилдорлик ва самарадорликни таъминловчи, машинасозлик, энергиятежамкор ғоя, ишланма ва технологиялар салмоқли ўрин эгаллади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази вилоят бўлими, Андижон қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тиббиёт институтлари, Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти Андижон тажриба станцияси олимлари томонидан намойиш этилган лойиҳа, илмий ишланма ва технологиялар мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Тақдимот доирасида ёш олимлар учун ўтказилган семинар-тренингда вилоятда ёш олимларнинг илмий-тадқиқот олиб бориши учун кенг имкониятлар яратилгани, илмий-экспериментал фермер хўжаликлари томонидан инновацион технологияларни қўллаш, тажрибадан ўтказиш борасида ижобий натижаларга эришилаётгани қайд этилди. Бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди, тадбиркор ва фермерларга шартномалар тузиш, янги технологияларни харид қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Ярмаркада янги технология, лойиҳа ва ишланмаларни сотиш ва харид қилиш бўйича шартномалар имзоланди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзA
1 127






Все о погоде - Pogoda.uz