Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.06.2018 09:32 Чоп этиш версияси

Инновация вазирлиги космос соҳасида Франциянинг етакчи компанияси билан ҳамкорлик қилади

Инновация вазирлиги космос соҳасида Франциянинг етакчи компанияси билан ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида Франциянинг “Thales International” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, компания вакилларини Инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов қабул қилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишига кўра, космос соҳаси ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, шу соҳа орқали мамлакатга инвестициялар киритиш, инновацион ғояларни жорий этиш вазифаси қўйилган. “Thales International” дунёнинг 54 давлатида авиация, космос, транспорт, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларига ахборот технологияларини тадбиқ қилиш билан шуғулланади.

100 йиллик тарихга эга “Thales International”нинг вице-президенти Оливье Ашарнигн таъкидлашича,компаниянинг асосий фаолияти ишлаб чиқариш эмас, балки илмий-тадқиқот фаолияти саналади. “Ўзбекистонда салоҳиятли ёшлар ўсиб келмоқда”, – дейди Оливье Ашар. - Уларнинг юқори технологияли соҳаларни эгаллашларига шароит яратиш керак, Ўзбекистоннинг ўз сунъий йўлдошини орбитага чиқариш билан боғлиқ ишлари бунга имконият яратади.

Ўз навбатида Инновация вазири И. Абдураҳмонов сунъий йўлдош ва сунъий йўлдош ускуналарини ишлаб чиқариш масаласини босқичма-босқич амалга ошириш лозимлигини таъкидлади. Қайд этилишича, бу мақсадда шу соҳадаги барча ресурсларни космик тадқиқотлар ва технологияларни ривожлантириш учун сафарбар қилиш ва соҳада фаолият юритадиган ёш кадрларни шакллантириш даркор.

“Thales International” компанияси қўшни давлатлар – Қозоғистон ва Туркманистонни сунъий йўлдошлар билан таъминлаган бўлиб, учрашув давомида ушбу давлатларнинг сунъий йўлдошлари ва ускуналаридан фойдаланиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, юқори технологиялар ва қишлоқ хўжалигига инновациялар олиб кириш мақсадида Ўзбекистонлик тадқиқотчи ва мутахассисларни “Thales International” компанияси базаларига тажриба орттириш учун юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Томонлар бундай ўқув-амалий лойиҳалар келгуси ҳамкорликнинг бошланишига туртки бўлишига ҳамда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишига ишонч билдиришди.


6 809