Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 18:46 Чоп этиш версияси

Наманганда ўтказилган инновацион ярмаркада 2 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди

Наманганда ўтказилган инновацион ярмаркада 2 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди Наманганда X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тайёргарлик доирасида инновацион ишланмаларнинг соҳавий тақдимотлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги бир қатор илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, илмий-ишлаб чиқариш ва конструкторлик марказлари ходимлари, ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, тижорат банклари вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, фан-техника ютуқлари, инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш орқали кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Мамлакатимизда олий таълим, фан ва илмий-тадқиқот муассасалари интеллектуал салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, илмий-тадқиқот ютуқларини иқтисодиётнинг реал секторига жорий қилиш ҳамда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази раҳбари, профессор Рустамжон Муродов. – Анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу кўргазма инновацион ишланмалар иқтисодиётнинг барча тармоқлари, жумладан, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига татбиқ этилишига кенг имконият яратмоқда.

Ярмаркада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази, Биоорганик кимё, Микробиология институтлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент давлат аграр университети, Наманган муҳандислик-технология, Наманган муҳандислик-педагогика, Андижон қишлоқ хўжалиги институтлари, Наманган ва Фарғона давлат университетлари каби йигирмага яқин илмий муассасаларнинг маҳаллий хомашё асосида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, энергия ва ресурстежамкор технологиялар, муқобил энергия манбалари, пахта тозалаш саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат, қурилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш каби йўналишлардаги 100 дан зиёд инновацион ғоя, технология ва лойиҳалари намойиш этилди.

Мева-сабзавотларни қуёш энергияси қурилмаси ёрдамида қуритиш, комбинациялашган қуёшли биогаз қурилмаси, темир-бетонга иссиқлик ишлови беришнинг энергиятежамкор усули, иссиқхоналарни ноанъанавий усулда иситиш ва сабзавот экинлари етиштириш технологияси, тиббий ипак докаси ишлаб чиқариш ва узумдан юқори ҳосил етиштириш технологияси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ярмаркада илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида умумий қиймати 2 миллиард 13 миллион сўмликдан зиёд 43 шартнома имзоланди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
1 149






Все о погоде - Pogoda.uz