Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 18:08 Чоп этиш версияси

«ICT FORUM 2017» форумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма марказида “ICTWEEK Uzbekistan 2017” ҳафталиги доирасида “ICT FORUM 2017” ахборот-коммуникация технологиялари форуми бўлиб ўтади. Унда ахборот технологиялари бўйича мамлакатимиз ва хорижий мутахассислар соҳани янада ривожлантиришга оид замонавий ёндашувларга бағишланган маърузалари билан иштирок этади.

2015 йилдан буён Ўзбекистонда АКТ ҳафталиги доирасида “ICT FORUM” ахборот-коммуникация технологиялари форуми ўтказиб келинмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад мазкур соҳани янада ривожлантириш бўйича замонавий ёндашувларни муҳокама қилиш учун ўзига хос эксперт майдончасини ташкил этишдир.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, янги форматдаги “ICTWEEK Uzbekistan” ҳафталиги тармоққа доир барча тадбирларни ўзида мужассам этган. Ягона концепция барча воқеаларни янада самарали ташкил қилиш баробарида, иштирокчилар ва тадбирга танишиш мақсадида келадиганлар учун қулай шароитлар яратиш имконини беради. Жорий йилда форум иштирокчилари анъанага кўра, блок анжуманлари, секция йиғилишлари, маҳорат дарслари ва баҳс-мунозаралар шаклида мулоқот қилади.

Форумнинг дастурий қўмитаси таркибига ахборот технологиялари бўйича етакчи компаниялар вакиллари, соҳа мутахассислари ва хориждан маърузачилар таклиф этилган. Дастурий қўмита замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг турли жиҳатларини очиб берадиган долзарб ва қизиқарли маърузаларни саралаб олади. Форум дастуридан АКТни нафақат ёшлар, балки катта ёшлилар ўртасида оммалаштиришга йўналтирилган интерфаол тадбирлар ўрин олган.

Айни пайтда “ICT FORUM 2017” форумида ўз маърузаларини тақдим этиш истагида бўлган иштирокчилардан аризалар қабул қилинмоқда. Маърузачиларга электрон ҳукумат, ахборот хавфсизлиги, молиявий соҳада рақамли трансформация, инфратузилма сингари мавзуларни ёритиш таклиф этилмоқда.

“Электрон ҳукумат” тизими фаолиятига оид маърузаларда катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, идоралараро электрон ҳамкорлик тизими, АКТ орқали аҳоли билан мулоқот каби мавзуларга эътибор қаратилади. Маърузачилар молиявий соҳада рақамли транформацияни муҳокама қилиш жараёнида онлайн-банкинг ва ижтимоий тармоқлар орқали тўловлар тизими, банклар учун “булутли” ечимлар каби мавзуларни ёритади. Шунингдек, форумда инфратузилма ва ахборот тизимларини ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва интернет технологиялари соҳасида истиқболли ечим ва технологияларнинг нозик жиҳатларини очиб берадиган маърузалар тақдим этилади.

Форум замонавий ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга жорий этиш ва мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори технологияли тармоқларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 116






Все о погоде - Pogoda.uz