ЎзА Ўзбек

20.04.2019 09:32 Чоп этиш версияси

Энди Spark, Nexia, Lasetti ва Cobolt русумли автомобиллар учун дисклар ўзимизда тайёрланмоқда

Энди Spark, Nexia, Lasetti ва Cobolt русумли автомобиллар учун дисклар ўзимизда тайёрланмоқда

Андижон вилоятида Жанубий Корея компаниялари ҳамкорлигида 34 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксариятида маҳаллийлаштириш дастури доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун кўплаб бутловчи ва эҳтиёт қисмлари ана шу корхоналар томонидан тайёрланмоқда.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги "O`zAuto-Austem" Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида автомобиллар учун дисклар ва шосси қисмлари ишлаб чиқарилади.

Жанубий Кореянинг “Austem Ko LTD» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу корхона йилига 1,5 миллион донага яқин дисклар ҳамда автомобиль шосси қисмлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Автомобилларнинг ушбу қисмлари аввал мамлакатимизга хориждан келтирилар эди. Эндиликда Spark, Nexia, Lasetti ва Cobolt русумли автомобиллар учун 14 турдаги диск ва шасси қисмлар ушбу корхонада тайёрланмоқда.

– 2018 йилда корхонамизда 610 минг дона диск, 330 минг дона шасси қисмлар, жами 940 минг дона сифатли маҳсулотлар тайёрланди, – дейди қўшма корхона бош директори Баҳодиржон Саматов. – Бундан ташқари, ўтган йили 190 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларимизни Россия, Қирғизистон ва Украина давлатларига экспорт қилдик.

Маҳсулотлар босқичма-босқич бажариладиган жараёнлар орқали тайёрланади. Корхонанинг пресслаш, йиғиш, пайвандлаш ва бўёқ линиялари хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган, иш унумдорлиги юқори бўлган замонавий дастгоҳ ва технологиялари билан жиҳозланган. Маҳсулотлар сифати Халқаро ISO 9001:2015 ва IATF 169496:2016 стандартлари талаблари доирасида сифат менежменти тизими асосида кириш, оралиқ ва якуний тартибда назорат қилинади. Шунингдек, маҳсулот қисмлари ҳар бир жараёндан сўнг лаборатория текширувидан ўтказиб борилади.

Жорий 2019 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, жумладан, экспорт ҳажмини 300 минг АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.

Айни кунда корхонада 350 нафардан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Корхонада, “устоз-шогирд” анъанаси асосида малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муҳандис, технолог ва ишчиларнинг самарали фаолият юритишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Жумладан, мутахассислар, ишчи-хизматчилар махсус иш кийимлари билан таъминланган, бепул тушлик, барча қулайликларга эга дам олиш ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилган.

Умуман корхона фаолиятининг самарали бўлишида меҳнатни ташкил этишда илғор иш услубларини қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишчи-хизматчиларни муносиб рағбатлантириш муҳим омил бўлмоқда.

Ф.Убайдуллаев, З.Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 527