ЎзА Ўзбек

31.05.2019 10:48 Чоп этиш версияси

Электрон ҳукуматни ривожлантиришда замонавий тенденцияларнинг аҳамияти

Электрон ҳукуматни ривожлантиришда замонавий тенденцияларнинг аҳамияти


Фармон ва ижро

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Электрон ҳукумат ривожланишидаги замонавий тенденциялар: интеграллашган хизматлар, очиқ маълумотлар, электрон иштирок ва рақамли технологиялар” мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Академия ва Остона давлат хизмати хабининг Амалиётчилар альянси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, олий таълим муассасалари мутахассислари, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва тингловчилар ҳамда Франция, Эстония, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистоннинг етакчи экспертлари таклиф қилинди.

Давлат бошқаруви академияси ректори Рустам Қосимов, Остона хаби бошқарув қўмитаси раиси Алихон Бойменов ва бошқалар электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш аҳоли, бизнес ва давлат ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг муҳим омилларидан эканини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган ушбу семинарда электрон ҳукумат соҳасида амалга оширилаётган энг яхши инновацион ва амалий ечимларни татбиқ этиш, халқаро тажрибани ўрганиш ва қўллашда юзага келадиган саволларни муҳокама қилиш ҳамда давлат хизматларини ривожлантиришда инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.

– Мамлакатимизда электрон ҳукумат тизимига ўтиш 2013 йилда бошланган, – деди «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУК директори Руслан Султонов. – Ҳозирги кунда тизимни жорий қилиш ва такомиллаштириш борасида муайян тажрибага эгамиз. Лекин шу билан бирга, замонавий инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги халқаро тажрибани ўрганиш, унинг мақбулини танлаб олиш ва қўллаш мақсадга мувофиқдир. Ташкил этилган тадбирда халқаро экспертлар ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Электрон ҳукумат тизими бўйича халқаро ютуқлар ҳақида маърузалар тингладик, – деди эстониялик етакчи эксперт Вирго Рииспапп. – Ҳар бир давлатнинг бу борада ўзига хос тажрибаси бор. Уни иккинчи бир давлат тизимига айнан кўчириш тўғри эмас. Электрон ҳукумат тизимини яратишда миллий талаблар ва механизмларни ҳам инобатга олиш керак. Бугунги семинар электрон ҳукумат соҳасидаги глобал трендларни ўрганиш ва улардан фойдаланиш, соҳада ҳамкорлик йўналишларини кенгайтиришда муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади.

Семинарда Альянснинг 2019 йилги ҳаракатлар режаси, 2019-2020 йиллардаги тадқиқотлар мавзулари кўриб чиқилди.

Тадбир доирасида қатнашчилар Давлат хизматлари агентлигида бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган давлат хизматлари билан яқиндан танишади.


Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА
5 440