Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 16:19 Чоп этиш версияси

Дастурлаш спорти оммалашмоқда

Мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар саноатини янада ривожлантириш мақсадида дастурлаш спортини оммалаштириш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизда дастурлаш спортининг ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашдаги аҳамиятига бағишлаб ўтказилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, “Uzinfocom” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази вакиллари, мамлакатимизнинг шу йўналишдаги олий таълим даргоҳлари ўқитувчилари, талабалари, дастурлаш бўйича республика танловлари ғолиблари иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистонда дастурлаш спорти яқинда пайдо бўлганига қарамай тобора оммалашаётгани таъкидланди. Бунда мамлакатимиз иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларига фаол жорий этилаётган ахборот технологияларини жадал ривожлантиришга қаратилаётган эътибор муҳим омил бўлаётир. Ёш дастурчилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва улар яратаётган дастурий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда ахборот технологиялари соҳасидаги хўжалик субъектлари ҳамда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирадиган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация марказини ташкил этиш кўзда тутилган.

Мамлакатимизда дастурлаш спортини ривожлантиришга қаратилган ёш дастурчилар танловлари, олимпиада ва турли мусобақалар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар АКТни оммалаштириш билан бирга, бошқа қатор муҳим масалаларни ҳал этишга ҳам хизмат қилади.

Семинарда дастурлаш спортининг ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш сифатини оширишдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Дастурлаш спорти бўйича мусобақалар иштирокчилари ижодий фикрлашни, мураккаб вазиятларни якка тартибда ёки жамоа бўлиб бартараф этишни ўрганади, энг сўнгги технологияларни ўзлаштириб, уларни ўз дастурий маҳсулотларида қўллашга ҳаракат қилади.

Тадбирда юртимизда дастурлаш спортини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 431






Все о погоде - Pogoda.uz