ЎзА Ўзбек

14.05.2019 16:20 Чоп этиш версияси

Бухорода ҳаводан сув олувчи қурилма ишга туширилди

Бухорода ҳаводан сув олувчи қурилма ишга туширилди

Бухоро шаҳрида 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Исроилнинг “Watergen Ltd.”, Холон технологиялар институти билан ҳамкорликда “Gen-350” атмосфера сув генератори ўрнатилди. 

Ҳаво намлигидан фойдаланган ҳолда тоза ичимлик суви ҳосил қилувчи мазкур ҳаво-сув генератори қурилмаси бир суткада ўртача 900 литргача тоза сув олади. “Watergen” технологияси асосидаги “GENiusTm”, “Gen-350” қурилмалари дунёдаги энг кам энергия сарфловчи ҳаво-сув генератори бўлиб, у кам қувват истеъмоли билан кўпроқ сув ҳосил қилиш имконини беради. Қурилма, шунингдек, бир нечта тўсиқли фильтр каскадлар орқали ҳавони фильтрлайди.

photo5391111991994723061.jpg

Таъкидлаш жоизки, атмосфера ҳавоси намликнинг улкан резервуари ҳисобланади, ҳатто қуруқ иқлимли ҳудудларда ҳам одатда 1 квадрат метр ҳавода 6-10 граммгача сув бўлади. Қуруқ иссиқ, чўл ҳудудларидаги ерга яқин жойлашган 1 квадрат километр атмосфера қатламида 20 минг тонна буғ мавжуд.

Статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг бешдан бир қисми сув тақчил ҳудудларда яшайди. Бундан ташқари, жаҳон аҳлининг тўртдан бир қисми ер ости сувлари ва дарёлардан фойдаланиш имконини берувчи инфратузилмалар мавжуд бўлмаган ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади. Сув танқислиги глобал муаммога айланиб улгурган ҳозирги замонда чўл ҳудудларида сувга бўлган эҳтиёжни қондириш, биологик тизимни мувозанатга келтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сув билан таъминлаш мақсадида ҳаводан сув олиш лойиҳасини амалда синаш Ўзбекистон учун ўта долзарб.

photo5393529259718453989.jpg

Бухорода ишга туширилган янги қурилма Инновацион ривожланиш вазирлиги бошчилигида тажриба тариқасида илк бор синовдан ўтказилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 12 май куни Исроил давлати делегацияси билан учрашувда ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилган тақдирда 2 ойдан сўнг Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида ҳам қурилмани ўрнатиш масалаларини муҳокама қилди. Вазир, шунингдек, келгусида ҳар бир хонадон учун мўлжалланган ҳаво намлигидан фойдаланган ҳолда тоза ичимлик суви ҳосил қилувчи кичик ҳаво-сув генераторларини ишлаб чиқиш бўйича амалий таклифлар берди.

ЎзА
2 984