ЎзА Ўзбек

06.08.2019 Чоп этиш версияси

Беларусь – Ўзбекистон ёшлар IT форуми бошланди

Беларусь – Ўзбекистон ёшлар IT форуми бошланди

Беларусь пойтахти Минск шаҳрида I Беларусь – Ўзбекистон ёшлар IT форуми бўлиб ўтмоқда. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ. Қуранбоев бошчилигида юртимиздан 30 нафар фаол ёш иштирок этаётган форум дастури тўртта сессиядан иборат. Унда соҳадаги етакчи мутахассислар иштирокида ўқув машғулотлари, янги технологиялар намойиши, мулоқот ва баҳслар ўтказилмоқда. Халқаро ҳамкорлик майдонида “Digital Generation Uzbekistan” лойиҳаси ташкилотчилари, 25 нафар ёшлар ҳам қисқа муддатли малака оширмоқда. Улар Беларусдаги “Юқори технологиялар парки”да ўз лойиҳа ва таклифлари тақдимотини намойиш этиб, IT соҳасида бизнес юритиш ва меҳнат бозори каби муҳим йўналишлар бўйича зарур кўникмаларга эга бўлмоқда.

photo5352926764910882068.jpg

Шунингдек, икки давлат ёшлари учун Минск шаҳрида Беларусь-Ўзбекистон ёшларининг ахборот технологиялари соҳасидаги ёзги оромгоҳ ҳам ташкил этилган. Унда беларуслик ёшлар билан бир қаторда ўзбекистонлик ёш веб-дастурчилар, 3D моделлаштириш, робототехника, мехатроника, мобил илова яратиш соҳаларида фаолият юритаётган ёшлар Беларусь Республикасининг IT компаниялари фаолияти билан танишиш ва тажриба алмашиш билан бирга етакчи дастурчилар ташкил этган ўқув дастурида ҳам қатнашмоқда.

photo5352845559964216103.jpg

Вакилларимиз Беларусь Миллий кутубхонаси, Беларусь давлат тарих музейи, Минск шаҳри ва мамлакатнинг бошқа диққатга сазовор масканлари бўйлаб саёҳат қилиб, “Wargaming” компанияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида беларуслик 30 нафар ёш дастурчилар Ўзбекистонга таклиф этилиб, юртимиз ёшлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаши кўзда тутилмоқда.

I Беларусь – Ўзбекистон ёшлар IT форуми 9 августга қадар давом этади.

12 441
ЎзА