Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 20:33 Чоп этиш версияси

Анъанавий «ICTEXPO – 2017» кўргазмаси иш бошлади

«Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма мажмуаси павильонларида 19 сентябрь куни анъанавий «ICTEXPO – 2017» ахборот-коммуникация технологиялари миллий кўргазмаси очилди. Бу ерда мамлакатимиз ахборот хизматлари бозоридаги энг замонавий тизим ва технологиялар намойиш қилинмоқда.

Кўргазмада маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан юқори технологияли маҳсулотлар, хусусан, дастурий таъминот, компьютер техникаси, шунингдек, мобиль алоқа ва маълумот узатиш хизматлари тақдим этилмоқда. Экспозиция ягона давлат маълумотлар базаси яратиш ва аҳолига интерактив хизмат кўрсатишни ташкил этишнинг самарали ечимини топишга хизмат қилади.

«Ўзбектелеком» АК маълумотларни қайта ишлаш бўйича янги марказ хизматларини тақдим этмоқда. «Uztelecom» АКнинг «Инфотизимлар» филиали мутахассиси Элшод Абдусамиевнинг таъкидлашича, "UZCLOUD" Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган маълумотларни қайта ишлаш булутли маркази компания мижозларига сервер макони тақдим этиш имконини яратади.

"Virtual Dedicated Server" ёки "Virtual Private Server" хизматларининг виртуал хостинги – хостинг хизматларнинг сўнгги мижозга алоҳида виртуал сервер тақдим этувчи кўриниши бўлиб, мазкур компания хизматлари орасида видеоконференцалоқадан сўнг иккинчи ўринда туради. Турли ташкилот ва компаниялар, шунингдек, давлат органлари билан 20 дан ортиқ шартнома тузилди.

200 дан зиёд ташкилот ва корхона билан ҳамкорлик қилувчи «Nihol» маҳаллий компаниялар гуруҳи мамлакатимизнинг етакчи тизим интеграторларидан биридир. Менежер Жаҳонгир Адизовнинг айтишича, «Nihol»нинг йирик лойиҳаларидан бири давлат ташкилотлари ходимлари ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш ва сақлашга мўлжалланган "Кадрлар" намунавий ахборот тизимидир. Тизим Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги буюртмаси ва фаол кўмаги асосида ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонун ишлаб чиқиш фаолиятини бошқариш тизими – сегментда электрон ҳужжатлар айланиши ва "Қонун" ягона меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар маълумотлар базаси ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу кўргазмада «Aloqaloyiha» давлат унитар корхонаси видеокузатув тизимларини ўрнатиш, маҳаллий телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни тарқатиш тармоқлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси бўйича ўз хизматларини тақдим этмоқда. Бош мутахассис Дилрабо Абдураҳмонованинг таъкидлашича, яқинда санаб ўтилган хизматлар қаторига матбаа хизматлари, антенналар мачтасини ўрнатиш, архитектура ишлари ҳам қўшилган.

Кўргазма доирасида "Huawei" Хитой компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Р10 янги смартфон модели тақдимотини ўтказди. Маркетинг бўйича менежер Татьяна Огнивенконинг маълум қилишича, компания кичик танловлар ўтказиб, ғолибларни смартфон билан тақдирлашни режалаштирмоқда.

"Inline Telecom Solution" (ITS) Россия компанияси Ўзбекистоннинг АКТ бозорида 2009 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Ваколатхона муҳандиси Виталий Вагиннинг таъкидлашича, компания Ўзбекистон АКТ хизматларининг бутун спектрини қамраб олган. Холдинг таркибига ташхис платформалари ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи 14 компания киради.

«ICTEXPO – 2017» кўргазмаси доирасида «BePro» дастурчилар маркази маҳорат сабоқлари ўтказиши, уч кун давомида «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазма мажмуаси павильонларида маҳаллий ҳамда хориж компаниялари маҳсулотлари тақдимоти бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унинг доирасида, шунингдек, турли семинарлар ҳам ташкил этилади. Масалан, "TelesetAlfa" компанияси томонидан "Таълимда интерактив технологиялар" мавзусида семинар ўтказилади. Кўргазмада, шунингдек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети иштирок этмоқда. Универститет Ўзбекистондаги биринчи онлайн-телеканални тақдим этди.

Аблай Камолов, ЎзА
1 619






Все о погоде - Pogoda.uz