Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 20:12 Чоп этиш версияси

АКТ ривожланиш тенденциялари муҳокама қилинди

Тошкентда «ICTWEEK Uzbekistan – 2017» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстликнинг ахборот жамиятини ривожлантириш бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда АКТ ҳамда дастурий таъминот соҳалари тараққиёти, "электрон ҳукумат" ҳамда рақамли иқтисодиётнинг истиқболлари ва имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик ҳамкорлигида ташкил этган тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия ва Қирғизистон вакиллари қатнашди.

Халқаро ҳамкорлик молия ва банк, иқтисодиёт ва саноат соҳаларида амалга оширилаётган йирик АКТ лойиҳалари асосида замонавий телекоммуникация технологиялари интеграциясида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Ўзбекистонда яратилган кўп тармоқли ахборот инфратузилмаси юқори технологик саноат тармоқларининг жадал ривожланиши ҳамда илғор техник ечимларнинг самарали жорий этилишини таъминлайди. Бу жараёнда юқори тезликдаги сифатли мобиль алоқа тақдим этиш ва LTE стандарти технологиялари бўйича маълумотлар узатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда бешта мобиль оператор рўйхатдан ўтган, бу эркин рақобатнинг ўсиши, кўрсатиладиган хизмат нархлари пасайишига олиб келади. Операторлар мижозлари 21 миллиондан ортиқ, уларнинг аксарият қисмини фаол интернет-фойдаланувчилари ташкил этади. Фақат шу йилнинг ўзида маҳаллий мобиль операторлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида LTE стандарти бўйича ишловчи 450 дан зиёд мобиль база станцияларини ўрнатишни режалаштиришмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг аксарият қисмини қамраб олувчи юқори тезликдаги интернет хизматини йўлга қўйиш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, янги оптик толали алоқа линиялари тортилмоқда.

Тадбирда хорижлик мутахассислар АКТ лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаси, қўлланиладиган техник ечим ва қурилмалар имкониятлари ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берди. Йиғилиш қатнашчилари томонидан замонавий технологиялар, жумладан, «IoT» буюмлар интернети, очиқ ва катта ҳажмдаги маълумотлар, сунъий идрокни ривожлантиришда умумий ёндашув, моделлар ва тамойилларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Рақамли иқтисодиёт концепцияси, унинг кичик бизнес ва хусусий секторга таъсири масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда, шунингдек, АКТ лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш тенденциялари ва истиқболлари муҳокама этилди.

Роман Бондарчук, ЎзА
1 637






Все о погоде - Pogoda.uz