Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2018 21:00 Чоп этиш версияси

АКТ бизнесини ривожлантиришга бағишланган маслаҳатлашувлар

Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институти (KISDI)нинг дастурий маҳсулотлар ва стартап-лойиҳалар бозорини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиларидан иборат делегация пойтахтимизда меҳмон бўлиб турибди. Улар мамлакатимиздаги ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилот вакиллари билан учрашмоқда.

Жанубий кореялик мутахассислар Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров билан учрашди. Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институти вакиллари Кореяда АКТ бизнесининг ривожланиш босқичлари, мамлакат ялпи ички маҳсулотида соҳанинг улушини оширишга хизмат қиладиган шароитлар ва қонунчилик асослари ҳақида сўзлаб берди. Улар, шунингдек, юқори технологияли ишлаб чиқаришлар яратишнинг бевосита шарти сифатида ахборот технологиялари стартаплари ҳамда дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантириш сиёсатида маслаҳатлашувлар олиб бориш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, мамлакатимиз мутахассислари меҳмонларни ахборот технологиялари бизнесини ривожлантиришда маҳаллий тадбиркорлар учун яратилган шароитлар ва имтиёзлар билан таништирди. Пойтахтимизда ташкил этилган Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innоvation Center” инновация марказининг фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Жанубий Корея делегациясининг ташрифи 21 апрелга қадар давом этади. Маслаҳатлашувлар дастури тўрт босқичдан иборат бўлиб, лойиҳанинг иккинчи босқичида беш нафар юртдошимиз бир ҳафта мобайнида Корея Республикасида махсус тренинг ва семинарларда қатнашади.

Бу каби лойиҳаларни амалга оширишда Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институтининг бой тажрибаси ва маслаҳатчиларининг юксак малакали эканини таъкидлаш жоиз. Масалан, сўнгги 15 йил ичида улар 27 мамлакатда маслаҳатлар ўтказган ва 73 лойиҳани амалга оширган.

Роман Бондарчук, ЎзА
7 748