Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.05.2017 19:24 Чоп этиш версияси

Ахборот жамияти: истиқбол ва имкониятлар

Пойтахтимиздаги Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан шу мавзуга бағишланган матбот анжумани ўтказилди. Унда мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тармоғининг миллий бўғини, мобиль ва телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш натижалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси, “Uzinfocom” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази, соҳанинг етакчи корхона ва компаниялари, ахборот технологиялари мутахассислари, мобиль операторлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари вакиллари, олимлар ва журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Шерматов, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси бош директори Ш.Қодиров ва бошқалар мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация инфратузилмасини ташкил этиш “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади. Шу боис юртимизда мобиль алоқа ва рақамли телевидение тармоқлари кенг кўламда ривожлантирилмоқда, оптик толали алоқа линиялари ётқизилиб, дастурий таъминот ихтирочиларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда, “Электрон ҳукумат” тизими такомиллаштирилаётир.

Мобиль алоқадан фойдаланувчилар қамровини кенгайтириш, ушбу тармоқлар ҳажми ва ўтказувчанлик қобилиятини ошириш мақсадида барча вилоятларда 18,3 мингта таянч станциялари ўрнатилди. Бу борада қишлоқ аҳолисини сифатли мобиль алоқа билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятларда яна 450 дан ортиқ 4G таянч станцияларини ишга тушириш режалаштирилган.

Тадбирда чекка ҳудудлар аҳолисининг кенг полосали интернетдан фойдаланишини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Хусусан, 2021 йилгача узунлиги 270 минг километрдан зиёд оптик-толали алоқа линияларини ўтказиш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида рақамли телевидениени янада ривожлантириш натижалари ва истиқболлари иштирокчилар эътиборини тортди. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 95 фоизи сифатли рақамли телевидениедан фойдаланиш имкониятига эга. Уларга янада қулайлик яратиш мақсадида замонавий стандартлар жорий қилинмоқда.

Сўнгги йилларда юртимизда маълумот узатиш тезлиги икки баробардан ошди, интернетдан фойдаланувчилар сони икки баробар кўпайиб, 14,7 миллион кишини ташкил этди. Ушбу жараёнлар интернет тармоғи миллий бўғинини ривожлантириб, кўплаб янги ва фойдали ресурслар пайдо бўлишига хизмат қилаётир. Бугун UZ домени зонасида рўйхатга олинган сайтлар сони 32,5 мингга етди. Айни пайтда таълим, тиббиёт, санъатшунослик ва маърифий соҳаларга оид билимни бойитишга хизмат қиладиган ўзига хос ва фойдали контентга эга сайт ва порталлар сони ҳам кўпаймоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси билан ҳамкорликда ёшлар учун ZiyoNetнинг “Start”, “Active” ва “Life” тарифлари доирасида фойдали сайтлар каталогини ишга туширди. Бу сайтлар фойдаланувчиларга икки мингдан ортиқ халқаро илмий-амалий ва маънавий-маърифий манбалардан фойдаланиш имконини беради.

Тадбирда Интерфаол давлат хизматлари ягона порталининг синов режимида ишга туширилган янги кўриниши имкониятлари намойиш этилди. Юридик ва жисмоний шахслар учун шахсий кабинет яратиш имкониятининг мавжудлиги порталнинг ўзига хос янгилигидир. Портал фойдаланувчининг маълумотларини таҳлил қилиб, уни контент учун йўналтиради. Бу фуқароларнинг мурожаат ва шикоятлари билан боғлиқ ишларни тақсимлаш, янги интерфаол хизматлар яратиш имконини беради.

Матбуот анжуманида ахборот технологиялари мутахассислари ва мобиль операторлар компаниялари вакиллари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Роман Бондарчук, ЎзА
4 697






Все о погоде - Pogoda.uz