Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.01.2017 16:15 Чоп этиш версияси

Ахборот-коммуникация технологиялари: Вақт ҳам, нақд ҳам тежалмоқда

Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш, улардан фойдаланишни кенгайтириш юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидандир.

Мамлакатимизда ишлаб чиқилган дастурий ҳужжатлар мазкур соҳани такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Наманган вилоятида ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. ЎзА мухбири бир қатор соҳа мутасадди ва мутахассислари билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Юсуфжон Эшонов, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи:


– Вилоятимизда ҳам телекоммуникация тармоғини такомиллаштириш ва модернизация қилиш, аҳоли пунктларида симсиз алоқа ва интернет хизматлари қамровини кенгайтириш, электрон ҳукуматни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016 йилда мобиль алоқа қамровини кенгайтириш мақсадида “Ўзмобайл” миллий мобиль алоқа оператори, “Coscom”, “Unitel” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан 80 га яқин таянч станцияси ўрнатилди. Юқори тезликдаги интернет, IP телефон ва телевидение хизматларидан фойдаланиш учун кенг полосали тармоқларни кенгайтириш мақсадида NGN технологияси асосида 4 минг 480 порт ўрнатилди. Рақамли телевидение қамровини кенгайтириш учун Наманган шаҳри, Поп туманининг Чодак қишлоғи ва Чуст туманига 5 та рақамли телевидение сигналларини тарқатувчи телеузаткич қурилмаси ўрнатилди. Бу вилоятда рақамли телевидение сигналларининг қамров даражасини 58,3 фоиздан 92,4 фоизга ошириш имконини берди. Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида мавжуд алоқа линияларини модернизация қилиш ва кенгайтириш учун 185 километр оптик толали алоқа линиялари барпо этилди.

Вилоятда 2015 йилда кенг полосали портлар сони 22 минг 912 тани ташкил қилган бўлса, кенг полосали телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2016 йилда улар 30 мингдан ортди.

Тошкент вилояти ва Фарғона водийси ўртасида ахборот алмашинувини янада кенгайтириш ва мавжуд тармоқни захиралаш мақсадида Ангрен – Поп йўналишида Наманган вилояти ҳудудида 45 километр магистраль оптик толали алоқа линияси барпо этилди. Тошкент – Наманган ўртасидаги магистраль каналнинг ўтказувчанлиги 10 Гбит/с дан 40 Гбит/с га етказилгани хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширди. “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг мобиль алоқа тармоғини кенгайтириш мақсадида ўтган йили GSM стандартида ишловчи 32 таянч станцияси ўрнатилиб, ишга туширилди. Бу симсиз алоқа тармоғи ва қишлоқ жойларда интернет хизматлари кўрсатиш имконини кенгайтирди.

Ҳозир вилоятда 6 интернет провайдер ва 30 га яқин интернет-кафе аҳолига юқори сифатли хизмат кўрсатмоқда. Вилоят ўлкашунослик музейи, ахборот-ресурс марказлари, барча олий, ўрта махсус ва умумтаълим муассасалари ZiyoNet тармоғига улангани фан ва таълим самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Бахтиёр Охунбобоев, Наманган вилояти ҳокимлиги компьютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси раҳбари:

– Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларда тезкорлик, тежамкорлик ва аниқлик нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этмоқда. Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда янада қулайлик яратиш мақсадида шаҳар ва туманларда “Ягона дарча” марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирга қадар тадбиркорлик субъектларида “Е-ижро” электрон ҳамкорлик тизими орқали 16 давлат хизматлари бўйича 4 мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилди.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, тадбиркорлар ва аҳолига интерактив давлат хизматлари кўрсатишда янада қулайлик яратиш мақсадида вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти орқали 27 турдаги, жумладан, фуқаролар учун 13 ҳамда юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектлари учун 14 интерактив давлат хизмати икки томонлама кўрсатилиши йўлга қўйилди. Ушбу интерактив давлат хизматларидан ўтган йили 800 дан ортиқ фойдаланувчига хизмат кўрсатилди.

Жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, вилоят ҳокимлигининг расмий портали доирасида “Очик маълумотлар” веб-сайти ташкил этилиб, 50 дан зиёд очиқ маълумотлар жойлаштирилди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келган мурожаатлар билан ишлаш бўйича вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида алоҳида шахсий кабинетлар ташкил этилди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш бўйича манзилли дастурга асосан ўтган йили вилоят миқёсида умумий қиймати 2 миллиард 500 миллион сўмдан ортиқ 45 лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, вилоят, туман ва шаҳар даражасида давлат органлари ўртасида идоралараро электрон ҳамкорлик тизими жорий этилди. Вилоят кардиология маркази ҳамда “Anamed” нодавлат тиббиёт муассасасининг фаолиятини автоматлаштириш мақсадида “MedData” ахборот тизими жорий этилди. Наманган шаҳридаги “Умид” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 13 ширкатда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятини бошқарувчи махсус дастурий таъминот ишга туширилди. 100 дан ортиқ давлат органларида “Кадрлар” ахборот тизими, бўш турган бинолар ва ночор корхоналар ҳисобини юритиш маълумотлар базаси, енгил саноат ва тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни интернет тармоғи орқали сотиш ва етказиб бериш тизими жорий этилгани бу борадаги ишлар тезкорлигини таъминламоқда.

Баҳодир Ҳамидов, Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати бош мутахассиси:

– Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш “Электрон ҳукумат” тамойили асосида кўрсатилаётган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириб бориш имконини бермоқда. Давлат солиқ қўмитаси томонидан кўрсатилаётган интерактив хизмат турлари солиқ тўловчиларга бир қатор қулайлик яратмоқда. Замонавий хизмат турларининг кенгайтирилиши молиявий ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш, ҳисоботларни тақдим этишнинг қулай ва самарали усулларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Электрон солиқ хизматлари” – my.soliq.uz янги солиқ порталида 31 турдаги электрон давлат хизмати кўрсатилмоқда. Портал ёрдамида нафақат керакли ахборотга эга бўлиш, балки солиқ ва молиявий ҳисоботлар, солиқ қонунчилигига оид мурожаатларни жўнатиш, солиқларни ҳисоблаш, мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш, бюджетдан солиқ қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш ишларини тезкорлик билан бажариш мумкин.

Бугунги кунда ахборот технологияларидан кенг кўламда фойдаланиш иш унумининг ошиши ва харажатлар камайишига, энг муҳими, солиқ тўловчиларнинг вақти тежалишига хизмат қилмоқда. Айниқса, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ ҳисоботлари тўлиқ электрон кўринишда топширилиши натижасида қоғоз сарфи кескин камаймоқда. Масалан, ҳар бир ҳисобот учун тахминан 20 грамм қоғоз сарф этиладиган бўлса, вилоятдаги 18 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисоботлар электрон кўринишда топширилиши ҳисобидан ўтган йили 6 тоннадан ортиқ қоғоз ёки 80 миллион сўмдан зиёд маблағ тежаб қолингани фикримиз тасдиғидир.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
4 447






Все о погоде - Pogoda.uz