Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2017 17:41 Чоп этиш версияси

Самарқандда энг кучли ҳаваскор спортчилар аниқланди

Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан вилоятдаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ўртасида “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида спартакиада ўтказилди.

Аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ва шу орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг туман, шаҳар босқичларида 4 минг 500 ходим волейбол, стол тенниси, бадминтон, шахмат-шашка ва бошқа спорт турлари бўйича беллашди. Улар орасидан сараланган 250 иштирокчи вилоят босқичида ўзаро баҳслашди.

– Соғлом турмуш тарзи асоси жисмоний баркамоллик саналади, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси М.Бобоёров. – Шу боис бугунги кунда корхона ва ташкилотларда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан спорт мусобақалари ўтказиш анъанага айланди. Мазкур спартакиада ҳам бу борадаги ишлар сирасидан. Саломатликка хизмат қилувчи спорт тадбирлари иштирокчиларининг аксариятини хотин-қизлар ташкил этгани оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, “соғлом онадан – соғлом фарзанд” тамойилини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Эркаклар ва аёллар ўртасида шахмат-шашка мусобақаларида Иштихон туманидан Х.Турсунов, Тайлоқ туманидан Д.Ҳасанова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, стол тенниси баҳсларида Пастдарғом тумани вакили Ж.Исмоилов, Тайлоқ туманидан Х.Ҳамроқуловага тенг келадигани топилмади. Бандминтон бўйича Самарқанд шаҳридан М.Неъматов ва Оқдарё туманидан Ч.Пардаева ғолибликни қўлга киритди.

Ўн олти жамоа иштирок этган аёллар ўртасидаги волейбол мусобақасида Иштихон тумани ташкилотларида хизмат қилаётган хотин-қизлар биринчи ўринни эгаллади.

Иштирокчилар “Энг ёш иштирокчи”, “Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи”, “Ғалабага бўлган иштиёқи учун” номинациялари бўйича ҳам рағбатлантирилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 610






Все о погоде - Pogoda.uz