ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

ЖЧ САРАЛАШ: Эртага Ўзбекистон ва Яман миллий терма жамоалари майдонга тушишади

ЖЧ САРАЛАШ: Эртага Ўзбекистон ва Яман миллий терма жамоалари майдонга тушишади

Хабарингиз бор, мамлакат миллий терма жамоамиз 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш ўйинларининг “D” гуруҳида Саудиа Арабистони, Фаластин, Яман ва Сингапур миллий термаларига қарши баҳсларга киришган. Термамизнинг собиққа айланган Эктор Купер раҳбарлигида саралашнинг дастлабки ўйинини сафарда Фаластин термасига қарши ўтказган футболчиларимиз кутилмаганда қитъанинг энг кучсиз термаларидан бирига мағлубиятга учраган ҳолда ва иккинчи турда дам олган тарзда айни пайтда гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турибди.

Бош жамоамизга тажрибали мутахассис Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинлангач, 2 октябрдан Тошкентда навбатдаги ўйинга тайёргарликни бошлаган эди.

ЖАР стадионида ташкил этилган йиғинда Вадим Абрамов рўйхатига кўра 28 нафар футболчи кунига машғулотлар олиб борди. Бош мураббийнинг ушбу йиғинга чақирган кенгайтирилган таркиби қуйидагича эди:

Дарвозабонлар - Санжар Қувватов (“Пахтакор”), Элдор Суюнов (“Пахтакор”), Абдумавлон Абдужалилов (“Бунёдкор”).

Ҳимоячилар - Егор Кримец (“Пахтакор”), Рустам Ашурматов (“Гвангжу”, Жанубий Корея), Умар Эшмуродов (“Насаф”), Ислом Тўхтахўжаев (“Локомотив”), Шароф Муҳитдинов (“Насаф”), Фаррух Сайфиев (“Пахтакор”), Дилшодбек Аҳмадалиев (“Бунёдкор”), Ҳожиакбар Алижонов (“Пахтакор”), Акбар Исматуллаев (“Металлург“).

Ярим ҳимоячилар - Одилжон Ҳамробеков (“Пахтакор”), Одил Аҳмедов (“Шанхай СИПГ”, Хитой), Икром Алибоев (“Сеул ФК”, Жанубий Корея), Азиз Ғаниев (“Насаф”), Остон Ўрунов (“Локомотив”), Жалолиддин Машарипов (“Пахтакор”), Лутфулла Тўраев (“Бунёдкор“), Сардор Мирзаев (“Локомотив”), Отабек Шукуров (“Шаржа”, БАА), Достонбек Ҳамдамов (“Пахтакор”), Хуршид Ғиёсов (“Бунёдкор“), Жамшид Искандеров (“Локомотив“), Жасур Яхшибоев (АГМК).

Ҳужумчилар – Элдор Шомуродов (“Ростов” Россия), Игорь Сергеев (“Пахтакор”), Темурхўжа Абдухолиқов (“Хорфаккан“, БАА).

Машғулотларнинг бешинчи кунига келиб Вадим Абрамов терма жамоанинг якуний рўйхатидан тушиб қоладиган футболчиларни аниқлаб олди.

Унга кўра, Суперлигада таянч нуқтасида энг барқарор ва кучли ўйнаётган Одил Ҳамробеков, ҳужумкор ярим ҳимоячи Остон Ўрунов, ўнг қанот ҳимоячиси Дилшод Аҳмадалиев ҳамда ҳужумкор Жасур Яхшибоев якуний рўйхатдан тушиб қолди. Шунингдек, кечаги машғулотда Лутфулла Тўраев ҳам машғулотларда кўринмади, афтидан, бош мураббий унга ҳам жавоб берган.

Ўзбекистон - Яман учрашувини суриялик 30 ёшли ҳакам Ҳанна Ҳаттаб бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюрти Муҳаммад Каззаз ҳамда иорданиялик Айман Файзал Ҳамзе Обеидат ёрдам беради. Захира ҳаками қувайтлик Аҳмад Алали. Учрашув назоратчиси Жассим Муҳаммад Ал Ҳаил (Қатар), комиссари эса Меи Чиат Си (Малайзия).

Ўзбекистон терма жамоаси оқ рангдаги формада майдонга чиқади, яманликлар эса қизил рангдаги спорт либосларида ҳаракат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичи доирасида 15 октябрь куни сафарда Сингапур билан куч синашади.

2 599
Ойбек Юнусов, ЎзА