ЎзА Ўзбек

11.06.2019 Чоп этиш версияси

Жаҳон чемпионлари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди

Жаҳон чемпионлари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди

Аввал хабар берганимиздек, 1-8 июнь кунлари Фижининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли мусобақада терма жамоамиз аъзолари атиги икки нафар спортчи билан қатнашиб, якунда 6та олтин медалга сазовор бўлди. Жаҳон чемпионати баҳсларида Адҳамжон Эргашев 67 кг.гача ҳамда Акбар Жўраев 109 кг.гача вазн тоифаларида даст ва силтаб кўтариш, шунингдек, икки кураш натижасига кўра барча рақибларини ортда қолдиришган ҳолда олтин медалларни ўз ҳисобларига ёздириб қўйди. Эътиборлиси, бу натижа вакилларимизга эркаклар ўртасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни тақдим этди.

9.JPG

Бугун олис Фижи оролларида ўтказилган жаҳон чемпионати қаҳрамонлари Тошкентга қайтиб келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтган тантанали кутиб олиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, шунингдек мамлакат оғир атлетика федерациясининг вакиллари, спортчиларнинг оила аъзолари, ОАВ ходимлари ҳамда кенг спорт жамоатчилиги иштирок этди.

3.jpg

Тадбирда сўзга чиққан МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов спортчиларимизга ўз тилакларини билдирди.

“Сиз олис Фижи мамлакатида ҳақиқий матонат ва қаҳрамонлик намунасини кўрсатдингиз. Биз сизлар билан фахрланамиз. Умид қиламизки, Токио олимпиадасида ҳам мана шундай ғалабалар билан халқимизни, спорт мухлисларини ва албатта, Президентимизни хурсанд қилишда давом этасиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

6.jpg

6 048
О.ЭШМАМАТОВ, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА