Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 12:15 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик теннисчилар Дэвис кубогининг навбатдаги босқичига чиқди

Теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоаси “Дэвис кубоги”нинг Осиё-Океания минтақаси биринчи гуруҳи дастлабки босқич баҳсида Жанубий Корея терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўйинларида дастлабки кунги баҳсдан сўнг умумий ҳисоб 1:1 бўлиб турган эди. Иккинчи куни эса терма жамоа аъзолари жуфтлик баҳсларида ўзаро куч синашди. Унда Денис Истомин ва Санжар Файзиев Хёнг Чунг ва Ёнг Кию Лимга қарши кортга чиқди. Муросасиз кечган беллашувда теннисчиларимиз беш сет якунига кўра ғалабага эришди.

Учрашувнинг сўнгги баҳси мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин ва мезбон теннисчиси Сун Ву Квон ўртасида ўтди. Баҳснинг дастлабки дақиқаларидан ҳужумкор ўйин намойиш этган Жанубий кореялик теннисчи биринчи сетда 6:3 ҳисобида ғалабага эришган бўлса, жорий мавсумни муваффақиятли ўтказаётган Денис Истомин кейинги сетларни 7:6, 6:2, 7:6 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди ва терма жамоамизнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

"Дэвис кубогининг" Осиё-Океания минтақаси биринчи гуруҳининг иккинчи босқичида Ўзбекистон терма жамоаси 7-9 апрель кунлари сафарда Ҳиндистон терма жамоаси билан рақобатлашади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
935






Все о погоде - Pogoda.uz