ЎзА Ўзбек

01.09.2018 19:03 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон спорт делегацияси Қирғизистонга жўнаб кетди

Ўзбекистон спорт делегацияси Қирғизистонга жўнаб кетди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1-9 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикаси Чолпон-Ата шаҳрида Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинлари бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев раҳбарлигидаги Ўзбекистон спорт делегацияси Қирғизистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати ЎзАга хабар берди. 

Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси спортчилари иштирок этади. Мусобақанинг тантанали очилиш маросими 2 сентябрь куни, ёпилиш маросими эса 8 сентябрь куни бўлиб ўтади. 

Вазирлик хабарида қайд этилишича, 2 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00да Чолпон-Ата шаҳридаги “Ипподром” стадионида турди давлат спорт делегацияларининг 2 минг нафар аъзолари иштирокида III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. 

Ўйинларда 50 та спорт тури бўйича 500 дан ортиқ комплект медаллар жамланмаси ўйналади. Ўзбекистон спорт делегацияси 13 спорт тури бўйича 58 нафар спортчи иштирок этади. 

Миллий спорт турларини асраш, халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган мазкур ўйинларда Ўзбекистон спорт делегацияси илк бор иштирок этмоқда. 



Икром Аввалбоев, ЎзА
5 914