ЎзА Ўзбек

19.07.2018 16:25 Чоп этиш версияси

Юрак касалликлари: тажриба, амалиёт ва истиқбол

Юрак касалликлари: тажриба, амалиёт ва истиқбол
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида нафақат Наманган вилояти, балки Фарғона водийси аҳолиси учун юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.

Президентимиз 2017 йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида 2017-2018 йилларда вилоят кардиология маркази негизида 100 қатнов ва 170 шифо ўрнига мўлжалланган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берган эди. Шунга мувофиқ, муассасада умумий қиймати 2 миллиард 600 миллион сўм ва 1 миллион доллардан зиёд реконструкция ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш лойиҳаси амалга оширилди.

– Моддий-техник база, илғор техника ва технологияларни ишлатиш учун мутахассис ҳам малакали бўлиши даркор, – дейди филиал бош шифокори З.Жўрабоев. – Шу нуқтаи назардан, бизда шифокор-мутахассислар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада пойтахтдаги нуфузли клиникалар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, олий ўқув юртлари, бир қатор хорижий илмий-тиббий муассасалари билан ўзаро тажриба алмашув, малака ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Ўтган даврда марказнинг бир гуруҳ шифокор-жарроҳлари Қозоғистон, Хитой, Украина, Ҳиндистон, Россия давлатларининг етакчи илмий-амалий тиббиёт муассасаларида малака ошириб қайтди. Бундан ташқари, марказ мутахассислари Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида малакали мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашиб келмоқда. Айни пайтда бу ерда фан доктори ва фан номзодлари, олий тоифали шифокорлар беморларни даволаш баробарида ёш мутахассисларга ўз тажриба ва маҳоратини ўргатмоқда.

Мамлакатимиздаги нуфузли тиббиёт марказлари мутахассислари томонидан шифохонада ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари ходимлар, жумладан, филиал жарроҳлари учун ўзига хос маҳорат дарси вазифасини ҳам ўтамоқда.

Шундай маҳорат дарслари сифатида ташкил қилинган жарроҳлик амалиёти билан шифо топганлардан бири андижонлик 64 ёшли бемор эди. Оғир ҳолатда келтирилган беморга хатари жуда юқори артериал гипертензия, коринчалар экстрасистолияси ташхиси қўйилди. Асорати эса сурункали юрак етишмовчилиги эди. Беморнинг юрак ўйнашидан безовталиги юқори маромга бориб етгани учун фурсатни бой бермай, жароҳатсиз жарроҳлик амалиёти ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Ҳозир бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда. Юрак ўйнаши тўхтаган. 

Муассасадаги яна бир анъана бу – хорижлик соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда жарроҳлик амалиёти ўтказишдир. Россия Федерациясининг Новосибирск кардиомаркази кардиохирургия бўлими мудири, Новосибирск вилоят бош кардиохирурги И.Балобанов филиал шифокорлари билан бирга мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказгани фикримиз тасдиғидир. Бундай жарроҳлик амалиёти авваллари фақат пойтахтдаги марказларда амалга оширилган. 

Юрак-ишемик хасталигига чалинган янгиқўрғонлик аёлнинг кўкрак қафаси очилиб, қон тиқилиб, яроқсизга айланган томирнинг кераксиз қисми кесиб ташланди. Ўзининг қўлидаги соғлом томирдан 5-6 сантиметр олиниб, юрак томирига икки томонлама уланди. Шикастланган юрак клапанидан воз кечилиб, ўрнига сунъийси ўрнатилди. Бемор юраги устида бир неча соат чекилган машаққатлар зое кетмади. Бугун бу аёл ўзини соғлом ҳис қилмоқда, шифокорлардан миннатдор.

Акромжон Сатторов, ЎзА
6 326