Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 18:40 Чоп этиш версияси

Ёшларнинг спорт байрамига тараддуд

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли тизим – "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт мусобақалари ёшларимизнинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб улғайишида юксак самаралар бермоқда.

Жорий йилда Жиззах вилояти "Баркамол авлод – 2017" спорт ўйинларига мезбонлик қилади. Ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ҳар уч йилда анъанавий ўтказиладиган мазкур спорт мусобақасининг финал босқичини юқори савияда ташкил этиш учун вилоятда қизғин тараддуд кўрилмоқда.

Тайёргарлик кўриш бўйича тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида махсус дастур ишлаб чиқилиб, кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жиззах шаҳридаги кўчалар таъмирланиб, эрта баҳорда гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган.

Мусобақалар ўтказиладиган Жиззах олимпия захиралари коллежи спорт иншоотлари, Жиззах политехника институти футбол стадиони ва ушбу институт қошидаги академик лицейнинг спорт залида, мусобақа иштирокчилари жойлаштириладиган касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларининг талабалар турар жойлари ва ошхоналарида таъмирлаш, реконструкция ишлари якунланмоқда.

– Муассасамизда гандбол, стол тенниси, волейбол, таэквондо, бадминтон, эркин кураш каби спорт турлари бўйича баҳслар ўтказилиши режалаштирилган, – дейди Жиззах олимпия захиралари коллежи директори ўринбосари З.Каримов. – Универсал спорт зали, теннис корти, бассейн, гимнастика зали таъмирдан чиқарилмоқда. Ҳудудни ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 679






Все о погоде - Pogoda.uz