Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 15:38 Чоп этиш версияси

Ёшларимиз ишончли ўйин кўрсатмоқда

Таиландда футзал бўйича йигирма ёшгача бўлган ёшлардан иборат терма жамоалар ўртасидаги Осиё чемпионати қизғин давом этмоқда.

Илк маротаба ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақада қитъамизнинг йигирма бир давлати терма жамоаси тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун куч синашмоқда. Қоидага кўра, ҳар бир гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўл олади.

Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Қатар, Ливан, Мьянма ва Гонконг ёшлар терма жамоалари билан “C” гуруҳидан жой олди.

Чемпионатнинг гуруҳ баҳслари терма жамоамиз аъзолари учун муваффақиятли бўлмоқда. Мусобақани иккинчи турдан бошлаган ёш футзалчиларимиз мьянмалик тенгдошларини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Саид Ризо Миршарофовнинг учта, Илҳомжон Ҳамроев ва Ҳусниддин Нишоновнинг биттадан голи терма жамоамизга ишончли ғалабани тақдим этди.

Гонконг ёшларига қарши кечган баҳсда ҳам футзалчиларимиз ишончли ўйин намойиш этиб, рақиблари устидан 8:2 ҳисобида зафар қучди. Терма жамоамизга ғалаба келтирган голларга Илҳомжон Ҳамроев (иккита гол), Акбар Усмонов (иккита гол), Ҳусниддин Нишонов, Равшан Исматуллаев, Ботирбек Ризаев ва Асли Муҳаммадиев муаллифлик қилди.

19 май куни мусобақанинг тўртинчи тур доирасидан жой олган учрашувда терма жамоамиз аъзолари ливанлик тенгдошлари билан баҳслашди. Кескин ва муросасиз ўтган учрашувнинг 12-дақиқасида Жоржио Ал Ҳоурий ҳисобни очди. Аммо орадан уч дақиқа ўтиб, Мичел Сабер ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Ўн еттинчи дақиқада Стив Коукезианнинг киритган голига Акбар Усмонов тезкор жавоб қайтарди. Орадан бир дақиқа ўтиб, Ҳусайн Албаба яна жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйиннинг етти дақиқаси рақиблар устунлигида ўтди. 25-дақиқада Ҳусниддин Нишонов ҳисобни тенглаштирган бўлса, 31-дақиқада Равшан Исматуллаев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни 4:3 кўринишга келтирди. Аммо терма жамоамизнинг устунлиги ҳам етти дақиқа давом этди, холос. 38-дақиқада Стив Коукезиан ўйиндаги саккизинчи голга муаллифлик қилиб, терма жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Шу тариқа, голларга бой учрашувда 4:4 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди.

Терма жамоамиз аъзолари 7 очко билан "С" гуруҳида етакчилик қилмоқда. 20 май куни футзалчиларимиз гуруҳдаги сўнгги учрашувни Қатар терма жамоасига қарши ўтказади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
3 990






Все о погоде - Pogoda.uz