ЎзА Ўзбек

05.11.2019 Чоп этиш версияси

Вакилларимиз учинчи ўринни эгаллади

Вакилларимиз учинчи ўринни эгаллади

Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида жорий йилнинг 29-31 октябрь кунлари мини футбол бўйича анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси терма жамоаси ҳам иштирок этди. Мусобақада Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасалари, шунингдек Калуга вилояти Ички ишлар бошқармаси, Краснодар олий ҳарбий авиация учувчилари билим юрти, Кубань давлат технология университети, Белгород юридик институтидан жами 13 та жамоа ғолиблик учун баҳслашди.

850_1469.JPG

Турнирда илк бор иштирок этган вакилларимиз тақвимга кўра Россия Федерацияси ИИВнинг Ростов юридик институти ҳамда мезбон Краснодар университети жамоалари билан “В” гуруҳидан ўрин олди. Илк ўйинда ростовликларга имкониятни бой берган (0:1) футболчиларимиз, ҳал қилувчи иккинчи учрашувда майдон эгаларини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Чорак финалда вакилларимизга Воронеж институти футболчилари рўбарў келди. Кучли ёмғир остида кечган баҳснинг асосий вақти 3:3 ҳисобида ниҳоясига етгач, томонлар ўн бир метрлик пенальти тепди. Бунда омад вакилларимизга кулиб боқди. Ярим финалда терма жамоамизга мусобақанинг амалдаги чемпиони Кубань давлат технология университети жамоаси рақиблик қилди. Афсуски, тенг курашлар остида ўтган ўйинда футболчиларимизга омад кулиб боқмади ва улар мағлуб бўлди. 

Терма жамоамиз футболчилари турнирнинг бронза медали учун яна бир бор Краснодар университети футболчиларига қарши майдонга тушди. Муросасиз баҳслар билан бошланган учрашув ёш чарм тўп усталаримизнинг тўлиқ устунлигида ўтди. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди – 3:0!

850_0506.JPG

Академия футболчилари намойиш этган ўйинлар ташкилотчиларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди. Жамоамиз мусобақанинг бронза медали билан бирга, Краснодар ўлкаси “Динамо” спорт жамияти таъсис этган “Ғалабага бўлган ишончи учун” соврини билан ҳам тақдирланди. Жамоа вакили А.Миршарапов энг яхши ҳимоячи номинацияни қўлга киритди. 

Жамшид ХОЛОВ, 
ИИВ Академияси матбуот хизмати 
катта инспектори, катта лейтенант.

2 330
ЎзА