ЎзА Ўзбек

06.10.2019 Чоп этиш версияси

Термизда халқаро кураш мусобақаси якунланди

Термизда халқаро кураш мусобақаси якунланди

Термиз шаҳридаги “Алпомиш“стадионида кураш бўйича Президентимиз соврини учун ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган XIV халқаро турнир бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз ва дунёнинг 48 давлатидан келган 55, 66, 73, 81, 90 ва +100 килограмм вазн тоифасида ёшлар, 48, 57, 70 ва +78 килограмм вазн тоифасида қизлар ҳамда мутлақ вазн тоифасидаги энг сара полвонлар гиламга тушиб, ўзаро беллашди.

Катта спорт байрамига айланган турнирда барча қитьалардан моҳир полвонлар, мураббийлар ва ҳакамлар билан бирга Африка Кураш конфедерацияси президенти Томас Дунеер, Панамерика Кураш конфедерацияси президенти Жанни Казанова, Осиё Кураш конфедерацияси президенти Комилжон Рўзиев, шунингдек 19 та хорижий давлатнинг Кураш федерацияси президент ва раислари иштирок этиб, мусобақани томоша қилди.

Қизғин баҳсларга бой бўлган курашнинг мутлақ вазн тоифасида хоразмлик Болтабой Болтаев сурхондарёлик Муҳсин Ҳисомиддиновни мағлуб этиб, Президент соврини – ўн минг доллар миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритди. Иккинчи ўринни эгаллаган Муҳсин Ҳисомиддинов беш минг доллар, учинчи ўрин соҳиби бўлган тожикистонлик Дадахон Қурбоналиев ва эронлик Жафарий Пахловонийларнинг ҳар бири 3 минг 500 доллар миқдоридаги совринга эга бўлди.

– Мусобақада мутлақ ғолиб бўлиш осон кечмади, – дейди хоразмлик Болтабой Болтаев. – Беллашувлар ҳалол бўлди. Муҳсин билан бир неча марта гиламга тушганман. Баъзан Муҳсин,гоҳида мен ғолиб бўлиб келаётган эдик. Бу сафарги беллашувда ғолибликни қўлга киритиб, ҳисобни тенглаштирдим.

photo_2019-10-06_23-00-51.jpg

photo_2019-10-06_23-00-56.jpg

6 478
Х МАМАТРАЙИМОВ, М АМИН, Ж ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат), ЎзА