Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 16:26 Чоп этиш версияси

Тажрибали мураббия

Тажрибали мураббия Мамлакатимизда қизларни спортга жалб қилиш ва хотин-қиз мураббийларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Кеча спорт майдонларида муваффақиятларга эришган кўплаб спортчи қизлар бугун мураббия сифатида баркамол авлод тарбияси йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. Стол тенниси бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Ўзбекистон чемпиони, кўплаб халқаро турнирлар ғолибаси, Республика олий спорт маҳорати мактабининг стол тенниси бўйича мураббияси Саида Маҳмудова ана шундай салоҳиятли мутахассислардан.

Саида тўққиз ёшидан таниқли мураббий Виталий Кузьминдан стол тенниси сирларини ўргана бошлади. Мамлакатимиз чемпионатларида ўз маҳоратини ошириб, 1998 йили Бутунжаҳон ўсмирлар ўйинларида бронза медаль билан тақдирланди.

У бир неча маротаба мамлакатимиз чемпионатида шоҳсупага кўтарилган. Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўтган Универсиада мусобақалари ғолибаси, икки марта ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига биноан Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ишига қўшган катта ҳиссаси ҳамда ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, соғлом турмуш тарзи тамойиллари руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун Саида Маҳмудова “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

– Гарчи мураббийлик қилаётган бўлсам-да, стол тенниси билан мунтазам шуғулланаман, – дейди С.Маҳмудова. – Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб стол теннисини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқдаман.

С.Маҳмудова Республика олий спорт маҳорати мактабида ўттиздан зиёд ёшларга стол тенниси сирларини ўргатмоқда. Зоҳид Каримов, Исломбек Султонов, Сўғдиёна Мадалиева, Комила Холиқова, Ольга Ким каби шогирдлари турли нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб келмоқда.

– Устозимиз ёшларга стол теннисининг нозик жиҳатлари – сезгирлик ва чаққонлик, тез қарор қабул қила олишни ўргатади, – дейди ХХХI ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Зоҳид Каримов. – Бу хислатлар спортчи учун жуда муҳим. Келажакдаги орзуимиз халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишдир.

Катта натижаларни қўлга киритган спортчи, тажрибали мураббия С.Маҳмудова турмуш ўртоғи, боксчи Дилшод Маҳмудов билан фарзандлари – ўн бир ёшли Билол ва етти ёшли Робиянинг соғлом камол топаётганини кўриб, бахтидан қувончи чексиз. Билол отасига ҳавас қилиб бокс билан мунтазам шуғулланмоқда. Робия онасидан стол тенниси сирлари билан бирга таэквондони пухта ўрганаётир.

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
1 905






Все о погоде - Pogoda.uz