ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Светлана Радзивил: муваффақиятларим сири – ватанга муҳаббатим

Светлана Радзивил: муваффақиятларим сири – ватанга муҳаббатим

Ватан тақдирига масъулмиз

Ватан – улуғ, бебаҳо тушунча. Унинг ҳар бир гўшаси, тоғу адирлари, чўлу дарёси, боғу даштлари ўзини, ўзлигини англаган инсон учун қадрли. Юрт корига яраш, унинг обрў-эътибори юксалишига ўзини дахлдор, деб билиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Дарҳақиқат, бугун ҳар бир соҳа вакили ўз йўналиши бўйича Ватанимиз шарафини юксак марраларга кўтариш бахтига муяссар бўлмоқда.

Улардан бири енгил атлетикачи Светлана Радзивил. У 1987 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 13 ёшидан тажрибали мураббий Владимир Бурматовдан енгил атлетика сирларини ўрганди.

Енгил атлетика бўйича мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланган Светлана илк халқаро ютуғини 15 ёшида – 2002 йил Москвада ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда қўлга киритади. У мазкур мусобақада кумуш медалга сазовор бўлиб, шу йили Ямайкада ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этди.

2004 йил Қозоғистондаги халқаро турнир ғолибига айланган атлетимиз Малайзияда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди. 2006 йил Светлана учун омадли келди. Дастлаб, Таиландда ўтган ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионатида бронза медални, июль ойида эса Макаодаги қитъа биринчилигида ва Хитойда ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди.

2007-2008 йилларда катталар ўртасида бир қатор хорижий давлатларда ўтган халқаро турнирларда ғолиб бўлиб, Пекин шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида иштирок этди. 2009 йили Берлиндаги жаҳон чемпионати иштирокчиси бўлган С.Радзивил Хитойнинг Гуанчжоу шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионатида фахрли учинчи ўриндан жой олган бўлса, бир йил ўтиб ушбу мамлакатда ўтказилган XVI Осиё ўйинлари ғолибига айланди.

2011 йили Японияда ўтган қитъа чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланган спортчимиз 2012 йили Таиланд, Хитой, Швеция ва Германияда ўтган нуфузли мусобақаларда ҳам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Лондон шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида иштирок этиб кучли ўнталикка кирди. 2013 йили Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди.

Машҳур атлетикачимиз 2014 йили Хитойда ёпиқ иншоотларда ўтган Осиё чемпионатида ва Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII Осиё ўйинларида тенгсиз эканини исботлади. 2015-2016 йилларда Осиё чемпионати ва бир қатор нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб олтин, кумуш ва бронза медалларни қўлга киритди.

2018 йили Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида 1,96 метрлик баландликни забт этиб мусобақа рекордини ўрнатди. Ушбу натижа С.Радзивилга уч карра Осиё ўйинлари ғолиби, деган шарафли номни олиб келди. Светлана учун жорий йилги спорт мавсуми ҳам омадли ўтмоқда. Апрель ойида Доҳада ўтган қитъа биринчилигида бронза медали билан тақдирланди.

Ёш авлодни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Светлана Радзивил Президентимиз фармони билан энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирланди.

– Ҳар бир спортчи фақат ғалабани кўзлаган ҳолда баҳсга киришади. Бунинг учун у астойдил интилади, меҳнат қилади ва табиийки, интилишлари самарасини кўриш, чемпион ёки совриндор бўлишни истайди, – дейди С.Радзивил. – Муваффақиятларим сири – Ватанга муҳаббатим. Биз эришаётган ҳар бир ютуқ давлатимиз раҳбари томонидан юқори баҳоланади. Президентимиз мени “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан мукофотлаганида қалбимда Ватанга бўлган муҳаббат, ғалабага бўлган интилиш янада ошди.

Шоҳсупага кўтарилиш – ҳар бир спортчининг энг катта орзуси. Светлана Радзивил айни кунларда терма жамоамиз таркибида XXXII ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мaртдaги Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидaги қaрори бу борaдaги ишлaрни изчил, тизимли вa янгичa aсосдa йўлгa қўйишдa муҳим дaстурилaмaл бўлмоқдa.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан спортчиларимизнинг Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этишини таъминлаш мақсадида тайёргарлик ишлари махсус режа асосида олиб борилмоқда. Мамлакатимизда ва хорижда бир қатор ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилиб, спортчиларимизнинг Олимпиадага муносиб тайёргарлик кўриши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

– Нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқларимиз замирида Президентимиз томонидан мамлакатимизда спортни, жумладан, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор мужассам, – дейди С.Радзивил. – Осиё ўйинларида эришган ғалабамни келаси йили Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия ўйинларида ҳам такрорлаш учун бор куч-ғайратимни сарфлайман.

3 154
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА