ЎзА Ўзбек

15.05.2019 18:20 Чоп этиш версияси

Суперлигада яна истеъфо, Ашурматов ҳам лавозимини тарк этди(ми?)

Суперлигада яна истеъфо, Ашурматов ҳам лавозимини тарк этди(ми?)

Ўзбекистон суперлигасида 8-тур ўйинлари ортда қолган бир пайтда яна бир истеъфо руй берди.

“Бухоро” клуби бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов www.championat.asia сайти мухбири билан суҳбатда ўз лавозимини тарк этганини маълум қилган.

Истеъдодли мутахассис ўтган йили АГМК клуби билан Ўзбекистон кубогида ғолибликка эришганди. Бироқ, мавсум якунида клуб раҳбарияти Ашурматовни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига Миржалол Қосимовни тайинлайди. Ашурматов ҳам узоқ вақт ишсиз қолиб кетмади ва жорий мавсумдан эътиборан “Бухоро” жамоаси бош мураббийига айланади.

Бироқ, 2019 йилги чемпионатни “Бухоро” жамоаси анча бўш ўтказмоқда. 8-турдан сўнг бухороликлар атиги бир ғалаба, 3 дуранг ва 4 мағлубият билан турнир жадвалида “Қўқон-1912” жамоаси билан бирга энг сўнгги поғонани эгаллаб турибди.

“Сурхон” жамоасидан учралган мағлубиятдан кейин Ашурматов клуб раҳбарияти билан учрашиб, жамоада ўзгаришни амалга ошириш клубга фойда келтиришини маълум қилган ҳамда истеъфога чиқишини билдирган. 

Шу тариқа 8-турдан кейин Ўзбекистон суперлигасида иккинчи бош мураббий ўзгариши содир бўлди. Бунга қадар “Сўғдиёна” жамоаси Лушанни истеъфога чиқарган ва унинг ўрнига Улуғбек Бақоев тайинланган эди.

ЎзА
2 107