Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.03.2018 02:55 Чоп этиш версияси

Суперлигада иккинчи тур якунланди

Суперлигада иккинчи тур якунланди Футбол бўйича Суперлига баҳсларининг иккинчи тури ҳам ўз ниҳоясига етди.

Турнинг "Насаф" ва "Бухоро" жамоалари ўртасидаги учрашув голларга бой ўтди. Қарши шаҳрида ўтган ўйиннинг 18-дақиқасида Санат Шихов мезбонлар дарвозасига гол уриб ҳисобни очган бўлса, 34-дақиқада Азиз Ғаниев ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа биринчи бўлим 1:1 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимнинг бошларидан ҳужумкор ўйин намойиш этган “Насаф” клуби аъзолари 47-дақиқада 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Бу голга Бобур Абдухолиқов муаллифлик қилди. Ўйиннинг сўнгги дақиқасида Славко Лукич рақиб дарвозасини ишғол этди ва жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

“Қизилқум” ўз майдонида "Қўқон-1912" клубига қарши ўйин ўтказиб 0:2 ҳисобида енгилди. “АГМК” ва “Навбаҳор” учрашувида 1:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, "Бунёдкор" ҳамда "Пахтакор" ўртасидаги баҳс 1:0 ҳисобида якунланди.

Ўтган йилги футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг ғолиби "Локомотив" ўз майдонида "Металлург" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. “Сўғдиёна” ва “Нефтчи” ўртасидаги учрашувда ҳисоб очилмади.

Суперлиганинг иккинчи туридан сўнг "Локомотив", “Навбаҳор”, "Бунёдкор" ва "Насаф" жамоалари 4 очко жамғарган ҳолда юқори поғоналарда бормоқда. Бир ғалаба ва мағлубиятга учраган "Пахтакор", "Қўқон-1912" ҳамда "Бухоро" клублари ҳисобида 3 очко бор. 

Шунингдек, икки турда дуранг қайт этган "Металлург" ва “Нефтчи” клуби 2 очкога эга бўлган бўлса, “Сўғдиёна” ва “АГМК” 1 очко билан, “Қизилқум” эса бирорта ҳам очкосиз жадвалнинг қуйи поғоналарида бормоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
10 088