ЎзА Ўзбек

12.06.2019 13:26 Чоп этиш версияси

Спорт соҳасида малакали кадрларга эҳтиёж юқори

Спорт соҳасида малакали кадрларга эҳтиёж юқори


Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Ш.Мўминжонов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори М.Болтабоев ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, улар спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, бунда илғор хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига “университет” мақоми берилди.
Шу асосда университетнинг ўқув бинолари қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси янгиланмоқда. Ҳудуддаги бино ва иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун 2018-2021 йиллар давомида маблағлар босқичма-босқич ажратилиши белгилаб қўйилди.
2019 йилда 400 ўринли талабалар турар жойи, 500 ўринли ўқув биноси, маъруза заллари, электр узатиш станцияси, Жисмоний тарбия ва спорт муаммоларини ўрганиш илмий-амалий тадқиқот маркази қурилиши белгиланган.
2020 йилда 800 ўринли талабалар турар жойи, битта янги ўқув биноси, 400 ўринли ошхона, 2та 18х42 ўлчамдаги спорт зали янгидан қурилади. Футбол стадиони ва унга тегишли маъмурий бинонинг том қисми, электр тизими, ичимлик суви, иссиқ сув, оқова сув тармоқлари, санузел ҳамда югуриш йўлакларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.
Бугунги кунда университетдаги мавжуд 4та факультетда 5 минг 13 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, университетнинг Нукус филиали ташкил этилди. Филиал учун 2019-2020 ўқув йилида 50 нафар талабага квота ажратилган. Улар бадиий гимнастика, дзюдо, баскетбол, волейбол, эшкак эшиш, эркин кураш, мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт ҳамда психология (спорт) йўналишларига қабул қилинади.
2020-2021 ўқув йилидан талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бокс, сузиш, кураш, футбол, енгил атлетика, оғир атлетика, қўл тўпи, юнон-рум кураши йўналишларида ҳам бакалаврлар тайёрланади.
Тадбирда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети таркибида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Беларусь давлат жисмоний тарбия университети билан ҳамкорликда қишки спорт турлари бўйича қўшма жисмоний тарбия, спорт ва туризм факультети, 2020-2021 ўқув йилидан Россиянинг П.Ф.Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети билан ҳамкорликда “Спорт психологияси” магистратура мутахассислигини ташкил этиш режалаштирилган.
Қўшма факультетларнинг бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига ҳар йили ажратиладиган қабул квотасининг 30 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг тавсиясига кўра қабул қилинадиган мақсадли қабул квоталари ажратилади.
Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

Ж.ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА
850